Тожикистон хавфсизлик кучлари Ваҳдат шаҳридан камида 47 нафар афғон қочқинини депортация қилган. Бу ҳақда манбаларга таяниб Khaama Press хабар берди.
Қочқинлардан бирининг сўзларига кўра, депортация қилинганлар асосан Ваҳдат шаҳрида яшовчи такси ҳайдовчилари ва кичик тадбиркорлар бўлган. Уларнинг барчаси Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар бўйича Олий Комиссарлиги бошқармаси (БМТ ҚОКБ) томонидан тегишли мақом ва ҳужжатларга эга бўлган.
«Бугун эрта тонгда хавфсизлик ходимлари такси ҳайдовчиларини ўз бошқармасига чақиришди, БМТ ҚОКБ гувоҳномаси ва қочқин эканимизга оид ҳужжатимизни олиб қўйишди, сўнг бизни гуруҳларга бўлиб иккита катта фургонга ортишди, Шерхон чегарасига олиб боришди ва афғон расмийларига топширишди», — деган нашрга депортацияга учраган қочқинлардан бири.
Таксичилардан ташқари шаҳар бозорига харид қилиш ёки шифокор кўриниш учун борган, лекин йўлда қўлга олинган яна бир қанча қочқинлар ҳам депортация қилинган.
Khaama Press таъкидлашича, бу сўнгги ойларда Тожикистон ҳукумати томонидан амалга оширилган биринчи оммавий депортация эмас. Бироқ, ҳуқуқ ҳимоячиларининг тушунтиришича, Тожикистонда цензура ва ахборот олиш имконияти чеклангани сабабли бундай ҳодисалар оммавий ахборот воситаларида камдан-кам ёритилади.
Шунингдек, манбаларга кўра, аввалроқ депортация қилинган бир неча афғонистонлик воситачиларга катта миқдорда пул тўлаб, Тожикистонга қайтиб келган.
«Тожикистон хавфсизлик идораларининг порахўр амалдорлари ўз мақсадлари йўлида афғонларни депортация қилиш ва уларнинг қайтишига изн беришни йўлга қўйишган. Афғон қочқинларидан даромад манбаи сифатида фойдаланилмоқда, қонуний ҳуқуқларидан маҳрум қилинмоқда ва пора бермасалар депортация таҳдидига учрамоқда. Бу зўравонлик ва товламачиликдан иборат аёвсиз доирадир», — дейди манбалар.
Ўтган йил декабрь ойида Тожикистондаги афғон муҳожирлари қўмитаси раҳбари Мусаввир Баҳодурий қочқинларни Афғонистонга депортация қилиш бўйича сўнгги актни изоҳларкан, тожик ҳукумати афғонларнинг депортация қилинишини республикада яшаш қоидаларига риоя қилмаётгани билан изоҳлайди ва бу билан ўзини оқлашга уринади, деган. Жумладан, афғонлар «ноўрин соқол қўйиш, бегона кийим кийиш ва жамиятда ноўрин хатти-ҳаракатлари, спиртли ичимликлар истеъмол қилиш, жамиятда зиддиятли вазиятлар ва низолар келтириб чиқариш, ижтимоий тармоқларда сиёсий баҳс-мунозаралар ўтказиш, экстремизм ва динни тарғиб қилиш, расмий ҳужжатсиз ишлаганлик ва одамларни ҳақорат қилгани» учун депортация қилинмоқда.
Афғон муҳожирлари қўмитаси раҳбари Тожикистон хавфсизлик идоралари, БМТ Қочқинлар бошқармаси ва бошқа нуфузли ташкилотларга муаммони ҳал этишни сўраб мурожаат қилган, хавотир билдирган, бироқ афғон фуқароларини депортация қилиш давом этмоқда. Баходурий афғонларнинг ўз юртига, яъни ҳозирда «Толибон»* ҳукмронлик қилаётган ватанига депортация қилиниши уларнинг ҳаёти учун хавфли эканига ишончи комил.️
ℹ️ 2021 йил 15 августда «Толибон» ҳаракати мамлакатда ҳокимиятни қўлга киритганидан бери юз минглаб афғон фуқаролари мамлакатни тарк этган. Норасмий маълумотларга кўра, Тожикистонда Афғонистондан келган 10 мингдан ортиқ қочқин бор, уларнинг аксарияти Душанбе, Ваҳдат шаҳарлари ва Рудакий туманида истиқомат қилади.
*22 апрель маълумотига кўра, «Толибон» ҳаракати Россияда террорчи сифатида тан олинган ташкилотлар рўйхати қолмоқда.