Қозоғистонда Чимкент ҳокими ўринбосари ҳаётига суиқасд уюштирилди

Руслан Берденов. Чимкент ҳокимлиги сайти фотосурати

Қозоғистоннинг учинчи йирик мегаполиси — Чимкентда шаҳар ҳокими ўринбосари Руслан Берденовга суиқасд уюштирилди, деб ёзади ORDA.kz. Шаҳар маъмурияти биноси ёнида унга ўқ узилган.

Суиқасддан кейин Бергенов операция қилинган, шифокорлар унинг аҳволини барқарор оғир деб баҳолашмоқда. 22 апрель куни эрталаб у ҳушига келган.

Дастлабки маълумотларга кўра, ҳужум уюштирган шахс шаҳар ҳокимлигига бўйсунувчи «Тұрғын үй Шымкент» муниципал корхонасининг собиқ раҳбари 30 ёшли Ернар Жиембай бўлган. У «Сайга-12» ов милтиғи билан Бергеновга уч марта ўқ узган. Полициянинг хабар беришича, Жиембай қўлга олинган ва вақтинчалик ҳибсхонага жойлаштирилган. Унинг мотивлари ҳақида расмий маълумот йўқ.

Бир кун аввал интернетда ҳужумга Берденовнинг Жиембай хотинига тегажоқлик қилгани сабаб бўлиши мумкинлиги ҳақида хабарлар пайдо бўлган, бироқ ҳокимлик уларни рад этган. Чимкент шаҳар ички сиёсат ва ёшлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Айгерим Жумакулова ўзининг Facebook (РФда экстремистик деб тан олинган ва тақиқланган Meta корпорациясига тегишли тармоқ) даги саҳифасида гумонланувчининг рафиқаси билан гаплашганини ва у ўз навбатида Берденовни шахсан танимаслигини маълум қилганини ёзган.

Руслан Берденов —Respublica партиясидан Мажилиснинг (парламент қуйи палатаси) собиқ депутати. У Чимкент ҳокими ўринбосари лавозимига жорий йилнинг 24 февралида, яъни икки ойдан камроқ вақт олдин келган. Мегаполис расмий сайтида Берденов ҳоким ўринбосари сифатида қайси соҳаларга раҳбарлик қилгани кўрсатилмаган, бироқ унинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларидаги нашрларга кўра, у қурилиш ва ер муносабатлари масалаларига масъул бўлган, деб ёзади Sputnik.kz.

Берденов шунингдек, «PANA BOUTIQUE HOTEL» МЧЖ, «GOLDEN GRAIN TRADE» МЧЖ, «JIDE COUTURE» МЧЖ ва «Бори групп» МЧЖ компаниялари асосчиси ҳисобланади, деб хабар беради Kursiv.kz. Улар меҳмонхона бизнесидан тортиб, дон савдоси ва мўйна ишлаб чиқаришгача бўлган турли соҳаларда фаолият юритади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ