Россия ва Хитой банклари РФ дўстона деб ҳисоблаган мамлакатлар молиявий ташкилотлари ёрдамида ёпиқ тўлов ўтказмалари тизимини яратган. The China track («Хиой йўли») деб номланган лойиҳанинг мақсади транзакцияларни Ғарб регуляторларидан яшириш ва шу орқали иккиламчи санкциялар хавфини камайтиришдан иборат бўлган, деб ёзади Reuters банк соҳасидаги ўз манбаларига таяниб.
Мутахассислар ушбу тизим айнан қачон ишга туширилганига аниқлик киритмаган. Уларга кўра, Россия ва Хитой банклари савдони икки йўналишда олиб боради. Улар учинчи мамлакатлардаги контрагентларни бошқаради, уларнинг бир қисми импорт учун, бошқалари экспорт учун тўловларни амалга оширадилар ва бу хизматлари учун маълум миқдорда комиссия оладилар. Бу жараёнда аниқ қайси давлатлар иштирок этаётгани ҳам номаълум.
Нашр манбаларидан бири тўловларни блокировкадан ҳимоя қилиш учун молиявий оқимлар дўстона юрисдикциялар орқали тузилиши кераклигини қўшимча қилган. Манбага кўра, The China track Россия учун Хитой билан савдо қилишнинг энг арзон усули ҳисобланади. У тизимга қўшилган банкларни айтишдан бош тортган, лекин гап Россия Федерациясининг энг йирик 20 та банклари ташкилотлари ҳақида кетаётганини таъкидлаган.
Ушбу схема асосан йирик корпорациялар томонидан қўлланилади, чунки у ҳар бир операцияни авторизация қилиш зарурати ва қўшилган қиймат солиғини қайтариш билан боғлиқ муаммолар кўринишидаги камчиликларга эга.
Шу билан бирга, тизим Хитойнинг 11 провинцияси билан тўғридан-тўғри ишлаш имконини беради, бу ерда Россияга жўнатилаётган товарларнинг аксарияти ишлаб чиқарилади. Бундан ташқари, харажат ҳеч қандай қўшимчаларсиз расмий курс бўйича ҳисобланади. Манбанинг таъкидлашича, бундай ёндашув Россия бизнеси учун жуда фойдали: агар илгари давлатлар ўртасида пул ўтказиш хизмати сумманинг 12 фоизигача турадиган бўлса, энди импорт операциялари учун 1 фоизни, экспорт учун эса 0,5 фоизни ташкил этади. Маблағлар икки кун ичида етказиб берилади. Тўғри, ҳозирда сессиялар ҳафтада бир марта пайшанба кунлари ўтказилмоқда, бироқ апрель ойининг охиридан бошлаб уларнинг сонини ошириш режалаштирилган, чунки ўзаро савдога талаб юқорилигича қолмоқда.
Журналистларнинг эслашича, апрель ойида Россия парламентида сўзга чиққан Марказий банк раиси Эльвира Набиуллина трансчегаравий тўловларни мураккаблаштирган Ғарб санкциялари самарадорлигини тан олган. Шу билан бирга, регулятор раҳбари молиявий операциялар учун муқобил каналлар ишлаб чиқилишини эълон қилди.
2022 йили Украинада махсус ҳарбий операция бошланиши муносабати билан Ғарб давлатлари Россияга қарши мисли кўрилмаган санкцияларни жорий этди. Аммо бу ерда хитойликлар аралашиб, Россия Федерациясига етказиб бериш тўхтатилган кўплаб турдаги товарларни олиб кира бошлаганлар. Шунингдек, Хитой Россиядан нефть ва бошқа табиий ресурсларни фаол равишда импорт қилишни давом эттирди.
2024 йили Россия ва Хитой ўртасидаги товар айланмаси Европа ва Қўшма Штатлар томонидан иккиламчи санкциялар хавфини минималлаштириш мақсадида киритилган тўловлар билан боғлиқ муаммолар ва юқори банк тўловларига қарамай, рекорд даражадаги 245 миллиард долларга етган.