Россия ТИВ раҳбари: Европа Иттифоқи Марказий Осиёда Россияга қарши кайфиятларни қўзғатмоқчи

Сергей Лавров. РФ ТИВ матбуот хизмати фотосурати

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровга кўра, Европа Иттифоқи Марказий Осиёда «ўз кун тартибини Россияга қарши очиқчасига ёндошув билан» илгари суришга ҳаракат қилмоқда. Бу ҳақда дипломат Ўзбекистонга ташрифи чоғида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди, деб хабар беради Россия ТИВ.

Маҳкама раҳбарининг аниқлик киритишича, Россия иттифоқчилар ва стратегик ҳамкорларнинг кўп векторли сиёсат олиб боришига қарши эмас. Аммо уларнинг баъзилари, биринчи навбатда, Ғарб давлатлари ўзаро фойдали лойиҳалардан кўра, ўз манфаатларини биринчи ўринга қўйиб, минтақа мамлакатларидаги давлат тузилмаларига, жумладан, чегаралар бўйича ўзаро ҳамкорлик, статистика, божхона иши каби соҳаларга кириб боришга қаратилган дастурларга маблағ ажратмоқда.

Лавров сўзларига кўра, Ўрта Осиёда АҚШ президенти Трампнинг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) фаолиятини тўхтатиш ҳақидаги қарори енгиллик билан қарши олинган. Бу тузилма давлат органларига жойлашиб олган «маслаҳатчилар»га пул сарфлаган, дейди вазир.

«Шунинг учун биз Марказий Осиё ва ташқи ҳамкорлар ўртасидаги ҳамкорлик жараёнларини ички ишларга аралашишга бўлган бундай очиқ-ойдин уринишлардан халос этиш тарафдоримиз. Биз ҳеч қачон бундай муносабатга изн бермаймиз», — дея хулоса қилди Лавров.

Матбуот анжуманида РФда меҳнат мигрантлари устидан назорат кучайтирилаётгани масаласи кўтарилди. ТИВ раҳбари ўз мамлакатида ишчи кучи танқислиги кузатилаётгани, шу сабабли хорижликларга талаб борлигини айтди. Аммо улар Россия қонунларига риоя қилишлари керак. Мигрантлар орасида жиноий гуруҳлар ташкил этилган ҳолатлар ҳам бор. Шунинг учун қонун чиқарувчилар «олтин ўртани» ни қидирмоқдалар ва сўнгги ўзгаришлар ушбу мувозанатга эришишга қаратилган.

«Масала шундаки, меҳнат мигрантлари Россия Федерациясига боришдан олдин рус тилини етарли даражада билиши, Россия қонунлари ва хорижликлар у ерда ўзини қандай тутишига оид қоидалардан бохабар бўлиши учун зарур тайёргарликдан ўтишларини таъминлаш лозим», — дея тушунтирди Лавров.

Вазир бу масалани ўзбекистонлик ҳамкасби Бахтиёр Саидов ва Президент Шавкат Мирзиёев билан муҳокама қилганини қўшимча қилди.

Россия дипломатининг сўзларига кўра, у Самарқандда кўплаб соҳаларда ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари бўйича мулоқот ўтказган. Лавров Россия ва Ўзбекистон савдо-иқтисодий соҳада фаол ҳамкорлик қилаётганини таъкидлади. Масалан, республикада Россия иштирокида қиймати 3,3 триллион рубль бўлган 115 дан ортиқ лойиҳа амалга оширилмоқда, 3 минг қўшма корхона фаолият кўрсатмоқда. Маданий-гуманитар, хусусан, таълим соҳасида ҳам ҳамкорлик алоқалари изчил ривожланмоқда. Лавровнинг сўзларига кўра, Россияда 56 мингдан ортиқ ўзбекистонлик талаба таҳсил олмоқда, республиканинг ўзида Россия олий ўқув юртларининг 14 та филиали фаолият кўрсатмоқда.

👉 Россия ТИВ раҳбарининг Самарқандга ташрифи чоғида кенг резонансга сабаб бўлган бир воқеа юз берди. Вазир «Мотамсаро она» ҳайкалини зиёрат қилар экан, унда русча эмас, балки ўзбек ва инглиз тилларида ёзилган ёзувлар борлигини таъкидлади. Ушбу эпизод ўзбек фаоллари томонидан дипломатга қарши кескин танқидларга сабаб бўлди.

Шундай қилиб, ҳуқуқшунос ва машҳур блогер Хушнудбек Худойбердиев меҳмонга «русча матнларни ўз Россиясидан қидиришни» маслаҳат бериб, вазир сўзларини «дипломатик безбетлик» деб атади. Унинг тушунтиришича, Лавров «бу ерда русча ёзув бўлса, хурсанд бўлардик» деган гапларни айтиш ўрнига ўзини инспектордек тутган. Блогер республика ҳукумати Лавров сўзларидан кейин ҳамма нарсани ўз ҳолича қолдириб, ёдгорликни қайта тикламаслигига умид билдирган.

Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа ўзининг Facebook (РФда экстремистик деб тан олинган ва тақиқланган Meta корпорациясига тегишли тармоқ) даги саҳифасида тарихий обида атрофида қайси тилда ёзишни ҳар бир давлат ўзи ҳал қилишини ёзган. «Бошқа давлатнинг Ташқи ишлар вазири бизни танқид қилиши нотўғри. Зеро, биз уларнинг колонияси эмасмиз!» — дейди университет ректори.

«Бизнинг вазирлар ҳам Россияга борганда баъзи масалалар бўйича Лавров каби дадил савол беришни ўрганишлари керак, шекилли. Хусусан, нега бизнинг Россиядаги мигрантлар дискриминация қилинади?», — дея қўшимча қилган у.

Вазиятни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси вакили ва «Миллий тикланиш» партияси етакчиси Алишер Қодиров ҳам эътибордан четда қолдирмади, у ижтимоий тармоқларда россиялик сиёсатчилар Ўзбекистонда рус маданияти ва тилига муносабатни ҳар томонлама ёмонлаштиришга уринаётганини ёзган.

«Нега Ўзбекистонда ёшлар ҳеч ким эслатиб турмаса ҳам инглиз, немис, турк ва араб тилларини ўрганишга ҳаракат қиладилар? Сўраб олинган ҳурмат ва ёлғон яратилган эҳтиёждан фақат тескари натижа бўлишини вазир Лавров билмаслиги мумкин эмас», — дея хулоса қилган депутат.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ