Бишкекнинг Октябрь тумани прокуратураси «Апрель-ТВ» телерадиоканалининг ижтимоий тармоқлардаги фаолиятини тўхтатиш ва Маданият вазирлиги томонидан унга берилган рухсатномани бекор қилишни талаб қилиб, судга даъво аризасини киритди. Бу ҳақда «Апрел-ТВ» телеканали таҳририяти ва Қирғизистон Бош прокуратураси хабар берди.
Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) Бош тергов бошқармаси 2024 йил ноябрь-декабрь ойларида Адлия вазирлиги суд-тиббиёт хизмати, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Республика психиатрия ва наркология маркази ва Миллий фанлар академияси ҳамкорлигида учта экспертиза ўтказган. Унда телеканал фаолиятида «бузғунчилик фаолияти» фактлари аниқланган.
Даъво аризасида таъкидланишича, экспертлар «Апрель-ТВ» телеканали кўрсатувларида амалдаги ҳукуматга нисбатан салбий характердаги лингвистик белгилар мавжуд деган хулосага келишган. Унда телеканал бошловчилари мимикаси, агрессив нутқи, видеоколлажлар, масхара ва аччиқ киноялар томошабинда ҳукуматга нисбатан салбий таасурот уйғотади ва ҳукумат обрўсига путур етказади.
«Буларнинг барчаси бошқа ижтимоий ёки глобал триггер (кучли ҳис-туйғулар ёки реакцияларни келтириб чиқарадиган ҳодиса ёки вазият) таъсирида янада оғирлашиши ва олинган маълумотларни танқидий қабул қилиш сабаб одамлар фикрлари бўлиниши фонида кейинчалик ҳокимиятни эгаллаб олиш, ишончсизлик ва шахслараро низоларни кучайтириш мақсадида оммавий тартибсизликларга чақириқларни қўзғатиши мумкин», — дейилади прокуратура даъво аризасида.
Бунга жавобан «Апрель-ТВ» телеканали таҳририяти деструктив фаолиятга қарши курашни қўллаб-қувватлашини, бироқ ҳукуматни танқид қилишни демократиянинг муҳим элементи деб билишини, буни Қирғизистон президенти Садир Жапаров бир неча бор қўллаб-қувватлаганини таъкидлаган.
Ўзининг сўнгги янгиликларида телеканал таҳририяти ўзининг мустақиллигига урғу беради.
«Биз ҳеч қандай сиёсатчи ёки сиёсий партиялар, ишбилармонлар ёки бизнес тузилмаларига алоқадор эмасмиз. Жумладан, 2022 йилдан бери собиқ президент Алмазбек Атамбаев билан алоқамиз йўқ. «Апрель-ТВ» таҳририяти фақат грант кўмаги, реклама хизматлари ва Patreon платформасига қўшган ҳиссаларингиз ҳисобидан молиялаштирилади. Таҳририят биринчи навбатда жамиятни ўйлантираётган, унда қизиқиш уйғотган долзарб муаммоларни ўртага олиб чиқишни муҳим деб билади. Балки шунинг учун ҳам бизни Қирғизистонда рўй бераётган муҳим ижобий ўзгаришларга унчалик эътибор бермасликда айблашади», — дея таъкидлайди телеканал мурожаати муаллифлари, давлат ОАВ мунтазам равишда ҳукумат ютуқларини ёритиб бораётганини қўшимча қилган ҳолда.