Гулнора Каримованинг Швейцариядан қайтарилган активлари ижтимоий лойиҳаларга йўналтирилган

Гулнора Каримова. rbk.ru сайти фотосурати

Ўзбекистон биринчи президентининг қизи Гулнора Каримованинг Швейцариядан қайтарилган ноқонуний активлари соғлиқни сақлаш ва таълим соҳасидаги лойиҳаларга йўналтирилган. Бу ҳақда Марказий Осиё республикаси Молия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Вазирликнинг таъкидлашича, бу 131 миллион доллар миқдоридаги биринчи траншдир. Ушбу маблағнинг бир қисмига 5 минг 841 дона замонавий тиббий асбоб-ускуналар харид қилинган. Сўнгра жиҳозлар бутун мамлакат бўйлаб жойлашган 230 та перинатал марказларга тарқатилган. Шунингдек, шифокорлар томонидан қўлланиладиган 1400 дан ортиқ маҳсулотларни қўшимча равишда харид қилиш режалаштирилган.

Бундан ташқари, бошқа лойиҳалар ҳам молиялаштирилган. Масалан, БМТ ташкилотлари томонидан 11 минг нафардан ортиқ тиббиёт ходимлари ўқитилган. Туғруқ муассасаларида тиббий хизмат кўрсатиш бўйича 29 та миллий протокол ва қўлланмалар жаҳон стандартлари асосида янгиланган.

Пулларнинг бир қисми таълим соҳасига йўналтирилган. Бу ерда иккита кенг кўламли ташаббус амалга оширилмоқда. Биринчисига кўра, ахборот технологиялари ва рақамли ечимларни кенгайтириш орқали таълим имкониятларини ошириш лойиҳаси ишга туширилган. Иккинчиси доирасида халқаро ташкилотлар билан биргаликда, мактабларда санитария-гигиена тизимини яхшилаш, иситиш тизимини модернизация қилиш, мактабларни бошқаришга жамоатчиликни жалб қилишга қаратилган лойиҳа ишлаб чиқилган.

Молия вазирлиги 2022 йили Ўзбекистон ва Швейцария ўртасидаги келишув доирасида БМТнинг кўп томонлама мақсадли жамғармаси қошида фаолият юритувчи «Ишонч» жамғармаси ташкил этилганини эслатди. Айнан шу тузилма орқали Гулнора Каримованинг ноқонуний активлари қайтарилади. Фуқаролик жамиятининг стратегик ва маслаҳат кенгашлари маблағларнинг тақсимланишига масъул экани кўрсатилган.

Юқорида айтиб ўтилганидек, Швейцария ҳукумати томонидан республикага ўтказилган биринчи транш 131 миллион долларни ташкил этган. Шунингдек, икки давлат ўртасида иккинчи трансфер доирасида 182 миллион долларни репатриация қилиш бўйича ҳам келишув мавжуд.

Апрель ойи бошида Бельгия телекоммуникация соҳасида коррупция ва пул ювиш ҳолатларига оид иш бўйича 108 миллион долларни Ўзбекистонга қайтариши ҳақида хабар берилганди. Афтидан, бу ҳолатда ҳам активлар Каримова компанияларига тегишли бўлган.

👉 2022 йил сентябрь ойида Ўзбекистон Адлия вазирлиги Ўзбекистон биринчи президенти тўнғич қизининг хориждаги жиноий активларининг умумий миқдори қарийб 1,3 миллиард долларни ташкил этишини хабар қилганди.

ℹ️ Гулнора Каримова ва унга алоқадор компанияларнинг жиноий фаолияти юзасидан тергов ишлари Европада 2012 йили бошланган эди. Каримова Ўзбекистон бозорига кириш учун телекоммуникация компанияларидан (TeliaSonera, Vimpelcom, Alfa Telecom, МТС) катта миқдордаги пулларни ноқонуний олганликда, кейин эса бу маблағларни хорижда, асосан Швейцарияда ювишда айбланган. 2018 йили Швейцария Каримованинг 555 миллион доллардан ортиқ маблағини мусодара қилганди.

Ўзбекистонда 2013 йилдан буён Каримовага нисбатан давлат маблағларини ўғирлаш, солиқ тўлашдан бўйин товлаш ва жиноий ҳамжамият ташкил этиш бўйича бир неча жиноий иш очилган. У бир қанча жазо, жумладан 13 йиллик қамоқ жазосини олган ва Тошкент яқинидаги аёллар қамоқхонасига юборилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ