Қозоғистон Мудофаа вазирлиги гўки Россия билан можарога тайёргарлик кўрилаётганига доир хабарларни инкор этди

Қозоғистон Мудофаа вазирлиги фотосурати

Россия Қозоғистоннинг стратегик ҳамкори ҳисобланади, яқинда Мажилис (парламент қуйи палатаси) томонидан қабул қилинган «Ҳудудий мудофаа тўғрисида»ги республика қонуни бу давлатга қарши қаратилган эмас. Республика Мудофаа вазирлиги гўёки Қозоғистон ўзининг шимолий қўшниси билан можарога тайёргарлик кўраётгани ҳақидаги бир қатор ОАВ хабарларига шундай изоҳ берди. Вазирлик изоҳи фейкларга қарши курашиш учун Қозоғистон расмийлари кўмагида яратилган Stopfake.kz сайтида эълон қилинган.

«Россия Қозоғистоннинг стратегик ҳамкори ҳисобланади, у билан Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти ва Евроосиё иқтисодий иттифоқи доирасида яхши қўшничилик ва иттифоқчилик муносабатлари ўрнатилган. Шундай қилиб, Қозоғистон Республикасининг «Ҳудудий мудофаа тўғрисида»ги қонун лойиҳаси гўё Россияга қарши йўналтирилганига оид фикрлар ҳақиқатга тўғри келмайди ва давом этаётган жараёнлар моҳиятини бузиб кўрсатади», — дейилади хабарда.

Мудофаа вазирлигининг таъкидлашича, «қонун лойиҳаси фақат мамлакат ички хавфсизлигини мустаҳкамлашга қаратилган бўлиб, ҳеч қандай аксилроссия мазмунини ўз ичига олмайди. Унинг мақсади ҳарбий ҳолат ёки бошқа фавқулодда вазиятлар шароитида ички барқарорликни таъминлаш, аҳоли, инфратузилма ва ҳудудий яхлитликни ҳимоя қилишдан иборат».

«Ҳудудий мудофаа тўғрисида»ги қонун апрель ойи бошида Қозоғистон парламенти Мажилиси (қуйи палатаси) депутатлари томонидан қабул қилинган эди. Унда ҳарбий ҳолат даврида кўнгиллилар иштирокида ўзини-ўзи мудофаа қилиш бўлинмалари ташкил этилиши кўзда тутилган. Улар муҳим объектларни қўриқлаш, мудофаа иншоотларини қуриш, эвакуация қилиш ва бошқа вазифалар билан шуғулланади. Зарур ҳолларда улар Қуролли Кучлар таркибига жанговар топшириқларни бажариш учун киритилиши мумкин. Ҳужжат тасдиқланиш учун парламент Сенатига (юқори палатасига) юборилган.

Мажилисда қабул қилингандан сўнг, бир қатор оммавий ахборот воситалари Қозоғистон Россия Федерацияси билан гўёки «урушга тайёрланаётгани» ҳақида хабарларни эълон қилди, чунки қонунга қўшимча ҳужжатларга кўра, энг катта гуруҳ Россия билан чегаралар яқинида (узунлиги 7,6 минг километр) жойлаштирилади.

«Ҳудудий мудофаа бўлинмаларини жойлаштириш ташқи таҳдидларга жавобан эмас, балки ҳудудларнинг логистик, географик ва демографик хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади», — дея таъкидлайди Қозоғистон Мудофаа вазирлиги бу борада.

Бундан ташқари, вазирликнинг аниқлик киритишича, ҳудудий мудофаа бўлинмаларида чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг иштироки кўзда тутилмаган (бу ҳақда раддия мақолаларда ҳам айтилган – таҳр. изоҳи).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ