ХВЖ Ўзбекистонга иқтисодиётда олтин нархига қарамликни камайтиришни тавсия қилди

tass.ru сайти фотосурати

Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) экспертлари Ўзбекистон ҳукуматига молиявий сиёсат барқарорлигини таъминлаш мақсадида олтиннинг жаҳон нархларида ўзгаришининг республика бюджетига таъсирини минималлаштиришни тавсия қилди. Бу ҳақда халқаро ташкилот миссиясининг йиллик маслаҳатлашувлар якунлари бўйича баёнотида сўз юритилган.

Таҳлилчиларнинг фикрига кўра, Ўзбекистоннинг асосий экспорт маҳсулотларидан бири бўлган қимматбаҳо металлар нархининг ўзгариши инфляция хавфи ва макроиқтисодиёт беқарорлашувига таҳдид солади.

Шу билан бирга, ХВЖ мамлакатнинг 2024 йилда консолидацияланган бюджет тақчиллиги қисқаришини, шунингдек, расмийларнинг ўрта муддатли истиқболда тегишли кўрсаткични 3 фоиз даражасида сақлаб қолиш ниятини олқишлади. Мутахассисларнинг фикрича, тақчиллик ялпи ички маҳсулотга (ЯИМ) нисбатан 1,7 фоиз пунктга қисқариб, 3,2 фоизни ташкил этган. Бу энергия субсидияларининг қисқариши ва ижтимоий харажатлар мақсадлилиги ошишини акс эттиради. Шу билан бирга, қўшилган қиймат солиғи бўйича тушумлар ҚҚСни қайтаришнинг кўпайиши ҳисобига қисқарган, бироқ бу фарқ олтин нархининг ошиши ҳисобига қопланган.

Яна бир ижобий омил – жорий йили 5,5 миллиард долларлик хорижий қарзлар лимитига риоя қилингани давлат қарзининг ЯИМга нисбатан ўсмаслигини кафолатлайди.

Жамғарма экспертлари 2024 йили ички талабнинг ортиши ҳисобига ялпи ички маҳсулотнинг реал ўсиши 6,5 фоизни ташкил этишини таъкидламоқда. Ташқи операция ҳисоб тақчиллиги ЯИМ 2,6 п.пдан 5% гача қисқарган. Бу ерда пул ўтказмалари, товарларнинг юқори нархлари ва олтиндан ташқари экспортнинг ўсиши муҳим рол ўйнаган.

Инфляция даражаси юқорилигича қолмоқда ва 2025 йил март ойида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 10,3 фоизни ташкил этган. Бу ўтган йили белгиланган энергия тарифларининг ошиши, шунингдек, бир қатор истеъмол товарлари нархининг ошиши билан боғлиқ бўлган.

Ўзбекистон Марказий банкига инфляция 5 фоизга яқинлашгунча қаттиқ пул-кредит сиёсатини давом эттириш тавсия этилган. Бундан ташқари, миллий валюта устидан назоратни юмшатиш — бозордаги вазиятни акс эттирадиган тарзда алмашув курси ўзгаришининг кенгроқ диапазонига босқичма-босқич ўтишга имкон бериш, шунингдек, давлатнинг банк секторидаги ролини камайтириш ва даражаси юқорилигича қолаётган долларлашувни камайтириш зарур.

Умуман олганда, ХВЖ Ўзбекистонда кучли иқтисодий ўсиш давом этишини башорат қилмоқда, бироқ бу жараёнга тарифлар ва божларнинг ошиши билан боғлиқ бўлган глобал ташқи ноаниқлик ҳамда хом ашё нархларининг ўзгариши таъсир қилиши мумкинлигини тан олади.

Ушбу омилларга қарамай, экспертлар жорий йил охиригача ЯИМ ўсиши 6 фоизга яқин бўлишини тахмин қилмоқдалар, бунга хусусий истеъмол ва инвестициялар юқори даражада давом этиши таъсир қилади. Жорий ҳисоб тақчиллиги ЯИМнинг 5% ни ташкил қилади, чунки юқори олтин экспорти савдо ҳамкорларидаги иқтисодий кўрсаткичлар секинлашуви туфайли бошқа товарлар ва хизматларнинг хорижга жўнатилиши пасайиши ҳисобига қоплайди.

Инфляция 8 фоиздан сал кўпроқда тўхтайди ва келажакда пасайишда давом этади. Таҳлилчиларга кўра, республикада қатъий макроиқтисодий сиёсат олиб борилаётган ва таркибий ислоҳотлар амалга оширилса, башорат амалга ошади.

Бунда қуйидаги соҳалардаги ислоҳотлар назарда тутилади:

✅ солиқ тизими;

✅ давлат тижорат банкларини хусусийлаштириш;

✅ нархларни эркинлаштириш;

✅ давлат бошқаруви (шу жумладан коррупцияга қарши кураш);

✅ меҳнат бозори;

✅ иқлим кун тартиби (энергия тарифлари, ресурслар самарадорлиги, экинларни диверсификация қилиш, ўрмонларни тиклаш).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ