Тожикистонда мактаб ўқувчилари Миллий тест маркази хизматлари учун пул тўлашга мажбур бўлаётганидан шикоят қилишди

МТМ биноси. "Азия-плюс" сайти фотосурати

Тожикистонда мактаб битирувчилари ва уларнинг ота-оналари олий ўқув юртларига кириш имтиҳонларини ўтказувчи Миллий тест маркази (МТМ) хизматлари учун ҳақ тўлашга мажбур қилинаётганидан шикоят қилишди. Мактаб раҳбарияти, агар ўқувчилар тўлов квитанциясини тақдим қилмаса, таълим сертификатини бермаслик билан таҳдид қилмоқда, деб ёзади «Азия-плюс» нашри.

Таҳририят билан боғланган мактаб ўқувчиларининг айтишича, бундай амалиёт Душанбе ва республиканинг айрим вилоятларида кузатилмоқда. Масалан, пойтахтнинг Сино туманидаги 64-мактаб битирувчиси Исмоил Ёров оғир моддий аҳволи туфайли олий маълумот олишдан кўра, оиласини боқиш учун меҳнат қилишга мажбур бўлса-да, имтиҳонларда қатнашиш учун МТМга ҳужжат топширишга мажбур бўлганини айтади. Бироқ, унга маълумотнома МТМ хизматлари учун тўловни амалга оширгани учун банк квитанцияси тақдим этилганидан кейингина берилиши айтилган. 64-мактаб директори Зафар Ватанов ҳар қандай мажбурловни инкор этиб, ҳужжатларни топшириш ихтиёрий эканини таъкидлаган.

Худди шундай ҳолат Восе туманидаги 65-мактаб битирувчиси Эмомали Мусоев билан ҳам содир бўлган. Директор уни мактабдан ҳайдаб, квитанциясиз сертификат бермаслигини айтган. Эмомалининг сўзларига кўра, ҳужжатларни топширмаган ўқувчиларнинг суратлари мактаб коридоридаги стендга осиб қўйилган. Мактаб раҳбарияти нашр сўровига жавоб бермаган.

Тожикистон Таълим ва фан вазирлигининг исми сир қолишини истаган ходимининг «Азия-плюс» га айтишича, маҳаллий ҳокимият ҳар бир мактабга кириш имтиҳонларини топшириш бўйича режалар ишлаб чиққан ва директорларни уларни амалга оширишга мажбурлаган.

9-синф битирувчилари учун тест синовларида қатнашиш нархи 320 сомони (30 доллар), 11-синф учун 370 сомони (34,7 доллар)ни ташкил этади.

Ўз навбатида, МТМ директорининг биринчи ўринбосари Абдулбосит Шодиниё тест синовларида қатнашиш ихтиёрий экани ва бу ҳақда «Абитуриентлар учун қўлланма»да ёзилганини таъкидлаган.

«Ҳозиргача МТМга битирувчиларнинг тест синовларида қатнашишга мажбурлангани ҳақида ёзма аризалар келиб тушмаган, бироқ биз бундай мурожаатнинг ҳар бир ҳолати бўйича албатта текширув олиб борамиз», — деб ваъда берган Шодиниё.

«Азия-плюс» таъкидлашича, муаммо янги эмас — нашр бу ҳақда бир йил олдинҳам ёзган. Бугунги кунга қадар МТМ хизматлари учун мажбурий тўловлар бирор марта ҳам таълим вазирлиги вакиллари ёки Марказ раҳбарияти томонидан тан олинмаган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ