Туркия ҳукумати туркманистонлик блогерлар Алишер Сахатов ва Абдулла Орусовга бошпана беришни расман рад кечди, деб ёзади Turkmen.news.
Сахатов ва Орусов бошпана сўраб мурожаат қилган ва ушланганидан сўнг эртасига сўроқ қилинган, бироқ 5 май куни расман рад жавобини олишган. Уларда қарор устидан шикоят қилиш учун 15 кун бор. Туркия қонунчилигига кўра, фаоллар апелляция кўриб чиқилишидан олдин ҳам депортация қилиниши мумкин, чунки улар чет элликлар ва халқаро ҳимоя тўғрисидаги қонуннинг 54-моддасига кўра «жамоат тартибига таҳдид» ҳисобланади.
Human Rights Watch ташкилоти Туркия ҳукуматини қийноқлар ва адолатсиз суд жараёни хавфи юқорилиги сабабли Сахатов ва Орусовни Туркманистонга депортация қилмасликка чақирди. Бундан ташқари, юқорида қайд этилган қонун чет элликларни ғайриинсоний ёки шафқатсиз муомала, қийноқлар ва ўлим жазосига дучор бўлиши мумкин бўлган мамлакатларга депортация қилишни тақиқлайди.
Бироқ, Туркия Туркманистон билан фаолларни экстрадиция қилишда фаол ҳамкорлик қилмоқда. Охирги йилларда туркман мухолифатининг бир қанчаси Туркиядан ўз ватанига депортация қилинган, кейинчалик улар шафқатсиз таъқибларга учраган. Улар орасида Фарҳод Мейманқулиев, Ровшен Кличев, Сердар Дурдилиев, Мердан Муҳаммедов ва бошқалар бор. Баъзи фаолларнинг депортациядан кейинги тақдири ҳақида ҳеч нарса маълум эмас. Мейманқулиев ўз ватанида 22 йилга озодликдан маҳрум этилган.
ℹ️ Туркманистондаги муаммолар ҳақида машҳур блоглар юритган Алишер Сахатов ва Абдулла Орусов 28 апрель куни Туркиянинг Синоп шаҳрида қўлга олиниб, Анқарадаги депортация марказига олиб кетилган. Ҳуқуқ ҳимоячилари ҳибсга олинганларнинг Туркманистонга экстрадиция қилиниши, улар судга тортилиши ва узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкинлигидан хавотир билдирган.