Ҳиндистон Покистонга сув оқимини тиклади, аэропортларини очди

ANI сайтидаги видеодан кадр

Ҳиндистон 11 май куни Ҳиндистондан Покистонга оқиб ўтувчи Ченаб дарёсидаги Салал тўғонининг шлюзларини очди, деб хабар беради ANI. Худди шундай ҳаракат Ченабда жойлашган Баглиҳор тўғонида ҳам амалга оширилган.

👉 Ченаб дарёси Ҳинд ҳавзасининг бир қисми бўлиб, 1960 йилдаги Ҳинд дарёси сувларини бўлиш тўғрисидаги шартномага кўра Покистонга тегишли. Бироқ, 2025 йил апрелида Ҳиндистон ва Покистон ўртасида Кашмир бўйича можаро кучайгач, Ҳиндистон келишувни тўхтатиб, Баглиҳор тўғони орқали сувни тўхтатди. Покистон аввалроқ мамлакат қишлоқ хўжалиги ва энергетика барқарор сув таъминотига боғлиқ экан, сув таъминотини тўхтатиш уруш акти сифатида кўрилишини маълум қилганди.

22 апрель куни Ҳиндистоннинг Жамму ва Кашмир штатида 26 кишининг ҳаётига зомин бўлган терактдан сўнг икки давлат ўртасидаги кескинлик кучайди. Бунга жавобан Ҳиндистон 7 май куни Покистондаги террорчилик инфратузилмасига қарши «Синдур» операциясини бошлади. Покистон «Бунян-ул-Марсус» операцияси билан жавоб қайтарди ва Ҳиндистон позицияларига жавоб зарбаларини берди.

10 май куни томонлар Ҳиндистон вақти билан соат 17:00 дан (Москва вақти билан 14:30) ўт очишни тўхтатишга келишиб олдилар. Шунга қарамай, кейинги кунларда минтақада кескинлик сақланиб қолган, бироқ ҳар икки томон оташкесимга риоя қилишга тайёрлигини билдирган.

ℹ️ 1960 йилги шартнома Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги сувларни тақсимлашни тартибга солади: Ҳиндистон шарқий Сутлеж, Беас ва Рави дарёларини, Покистон эса ғарбий дарёларни, жумладан Ченаб, Желум ва Ҳинд дарёларини назорат қилади.

Айни пайтда, Ҳиндистон мамлакат шимоли ва ғарбидаги Покистон билан кескинлашув туфайли 9 май куни ёпилган 32 та аэропортни қайта очди.

Бу ҳақда Ҳиндистон аэропортлар бошқармаси (AAI) буйруғига таяниб, Hindustan Times хабар берди.

Аэропортлар ва 25 та ҳаво йўналишини қайта очиш тўғрисидаги қарор Ҳиндистон ҳарбий-ҳаво кучлари 12 май куни эрталаб Покистон билан чегарадош ҳудудларда фаоллик кузатилмаганини билдирганидан сўнг қабул қилинган. «Тун Жамму ва Кашмирда ва халқаро чегара бўйлаб бошқа ҳудудларда умуман тинч бўлди. Ҳеч қандай ҳодиса қайд этилмади, бу кейинги кунлар ичида биринчи сокин тун бўлди», — дейилади Ҳиндистон ҳарбий ҳаво кучлари баёнотида.

👉 Айни пайтда Uzbekistan Airways Покистон-Ҳиндистон чегарадаги ҳаво ҳудудидан фойдаланишга вақтинчалик чекловлар киритилгани сабабли, ўз парвозлар жадвалига ўзгартиришлар киритишга мажбур бўлганини маълум қилди. Ўзгаришлар Тошкентдан Деҳли, Мумбай, Лаҳор, Бангкок, Куала-Лумпур, Пхукет ва ортга қайтиш йўналишларини ўз ичига олади. Айрим йўналишларда парвоз вақти тахминан 1,5 соатга кўпаяди. Рейс бекор қилинган тақдирда, йўловчиларга жарималарсиз кейинги мавжуд саналарга қайта брон қилиш ёки чипта нархи тўлиқ қайтарилиши таклиф қилинади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ