13-15 май кунлари Туркманистоннинг Ашхобод шаҳрида Иқлим ўзгариши бўйича еттинчи Марказий Осиё конференцияси (МОИЎК-2025) бўлиб ўтади.
Тадбир Жаҳон банки, Марказий Осиё сув ва энергетика дастури (CAWEP), «Тожикистонда бардошли ландшафтни қайта тиклаш» лойиҳаси (RESILAND Tajikistan) ва Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) кўмагида Туркманистон ҳукумати билан ҳамкорликда Марказий Осиё минтақавий экологик маркази (МОМЭМ) томонидан ташкил этилди.
Конференция мавзуси «Марказий Осиёда минтақавий ва миллий чора-тадбирлар орқали глобал иқлимни молиялаштириш мақсадига эришиш». Асосий эътибор иқлим амбицияларини аниқ ҳаракатларга айлантириш, иқлим ўзгаришига мослашиш ва уни юмшатиш учун молиявий ресурсларни сафарбар қилиш ҳамда минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилади.
МОИЎК-2025 дастури пленар сессиялар, панел муҳокамалари, иқлим ташаббуслари ва молиявий воситалар бўйича ихтисослаштирилган сессиялар, шунингдек, иқлим ўзгаришига мослашишнинг муваффақиятли намуналарини намойиш этувчи объектларга ташрифларни ўз ичига олади. Конференция гибрид форматда шахсан ва онлайн иштирок этиш имконияти билан ўтказилади.
Тадбирнинг асосий мавзулари:
👉 иқлимни молиялаштириш механизмлари ва барқарор ривожланишга инвестициялар;
👉 иқлим сиёсати, сув ресурсларини бошқариш ва энергетика соҳасида инновацион ечимлар;
👉 иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича минтақавий ҳамкорлик;
👉 миллий иқлим стратегияларини глобал иқлим кун тартибига мослаштириш.
Конференциянинг кутилаётган натижалари беш йил ичида минтақада иқлимни молиялаштиришни 25 фоизга ошириш стратегиясини ишлаб чиқиш, Париж келишуви доирасида янгиланган миллий тан олинган бадалларни (ЯМИБ 3.0) тайёрлаш, трансчегаравий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва барқарор ривожланиш учун инновацион амалиётларни тақдим этишдан иборат.
МОИЎК-2025 ҳароратнинг тез кўтарилиши, чўлланиш ва музликлар эриши минтақанинг сув ресурслари, қишлоқ хўжалиги ва энергетикасига таҳдид солаётган Марказий Осиёда иқлим ўзгариши муаммоларини муҳокама қилиш учун муҳим платформа бўлиши кутилмоқда.
ℹ️ МОМЭМ – мустақил, носиёсий, нотижорат халқаро ташкилот бўлиб, 1998 йили Орхус шаҳрида (Дания) бўлиб ўтган 4-Умумевропа конференцияси қарорига мувофиқ 2021 йили Марказий Осиёнинг бешта давлати ҳукуматлари, Европа Иттифоқи ва БМТТД томонидан ташкил этилган. МОМЭМ миссияси Марказий Осиё мамлакатларига атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги миллий ва минтақавий муаммоларни ҳал қилишда ёрдам беришдан иборат.