Эрон президенти Масуд Пезешкиан Туркманистон Ташқи ишлар вазири Рашид Мередов билан учрашувда мамлакатлар ўртасида газ қувури қуриш лойиҳасини амалга оширишни таклиф қилди. Бу ҳақда Ислом Республикаси раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
Пезешкианнинг таъкидлашича, унинг мамлакати туркман газини импорт қилишдан манфаатдор, экспорт битимлари ва учинчи давлатларга «зангори олов» етказиб бериш ҳам мумкин. Сиёсатчининг фикрича, Эрон-Туркманистон газ қувурининг қурилиши юқоридаги барча мақсадларга эришишга хизмат қилади.
Эрон Президенти, шунингдек, Ислом Республикаси қўшни давлат билан маданият, сармоя, транспорт ва логистика каби соҳаларда ҳамкорликни ривожлантиришга интилаётганини таъкидлаган.
Шу билан бирга, Эрон раҳбари Туркманистон ҳукуматига Ашхобод Каспий бўйи давлатлари раҳбарлари саммитига мезбонлик қилиш масъулиятини ўз зиммасига олгани учун миннатдорчилик билдирди. Пезешкиан Каспий денгизи барча қирғоқбўйи давлатлари учун қимматли бойлик эканини таъкидлаган.
Мередов, ўз навбатида, Теҳрон билан узоқ муддатли иқтисодий ҳамкорлик истиқболларига ишонч билдирган. Унинг қўшимча қилишича, Ислом Республикаси раҳбари билан учрашувда умумий газ қувуридан ташқари, савдони ривожлантириш масалалари, хусусан, чегара ҳудудида бозорлар ташкил этиш, шунингдек, Каспий денгизининг экологик ҳолатини яхшилаш бўйича қўшма сармоя ва саъй-ҳаракатлар муҳокама қилинган.
Бундан ташқари, Теҳронда Туркманистон-Эрон ҳукуматлараро иқтисодий ҳамкорлик комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтган ва унда Рашид Мередов иштирок этган.
«Туркманистон ва Эрон вакиллари савдо-иқтисодий соҳа, транспорт-логистика, газ саноати, саноат, қишлоқ ва сув хўжалиги, инвестиция ва стандартлаштириш соҳаларида икки томонлама муносабатларни ривожлантириш масалаларини атрофлича кўриб чиқдилар, шунингдек, ҳукуматлараро комиссиянинг аввалги йиғилиши қарорлари ижросини таҳлил қилдилар», — дейилади Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги хабарида.
ОАВ таъкидлашича, ўтган йил ёзида Эрон компаниялари Туркманистонда 125 километрлик газ қувури ва газ компрессор станцияларини қуриш ниятида бўлган, бу эса Ислом Республикасига қўшимча ҳажмдаги «зангори олов» етказиб бериш учун зарур бўлади. Шунингдек, Теҳроннинг туркман газини бошқа давлатларга, хусусан Туркияга транзит етказиб беришни йўлга қўйиш режалари ҳам маълум.