АҚШ «Толибон» ҳаракати қандай таснифланишини қайта кўриб чиқади

rbk.ru сайти фотосурати

АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Конгресс олдида чиқиш қилиб, унинг департаменти «Толибон»* ҳаракатини хорижий террорчи ташкилот сифатида таснифланишини қайта кўриб чиқаётганини айтди. Аммо якуний қарор Оқ уйнинг Афғонистонга нисбатан келажакдаги сиёсатига боғлиқ бўлади. Amu.tv нашри Америка департаменти раҳбари сўзларидан иқтибос келтиради.

Рубионинг қўшимча қилишича, яқинда толиблар томонидан бир неча АҚШ фуқаролари озод қилинганига қарамай, радикал гуруҳнинг Афғонистонда фаолият юритаётган бошқа террорчи тузилмалар, жумладан, Ал-Қоида** билан алоқалари хавотирлар уйғотади. Шу боис АҚШ бу Осиё давлати ҳукуматидан экстремистик унсурларга қарши курашда кўпроқ ҳамкорлик кутиб қолади.

Яна бир муҳим масала — Афғонистондаги америкаликларнинг хавфсизлиги. Шу муносабат билан Рубионинг таъкидлашича, бугунги кунда Қўшма Штатлар айнан шу сабабдан Кобулда дипломатик ваколатхонага эга эмас.

«Биз ўз ходимларимиз хавфсизлигини етарли даражада таъминлай олмаймиз, деб ҳисоблаймиз», — деди давлат котиби.

У, шунингдек, президент Дональд Трамп Афғонистон Қўшма Штатларга ҳужумлар уюштиришда плацдарм бўлиб қолмаслигидан манфаатдор эканини таъкидлади. Рубио давлат раҳбари толиблар назоратига ўтиб қолиши мумкин бўлган ҳар қандай ёрдамни тўхтатиш тўғрисида буйруқ чиқарганини эслатди.

Конгресс вакиллари, ўз навбатида, радикал ҳаракат ҳар ҳафтада хорижий ва бошқа манбалардан 40 миллион доллар ёрдам олиши мумкинлигини аниқлаб, эътироз билдирди. Шундай қилиб, америкалик солиқ тўловчилар маблағлари «Толибон» фойдасига сарфланишига йўл қўймаслик учун резолюция ишлаб чиқилган. Рубио ҳужжатни ҳали кўриб чиқмаганини, лекин ташаббусни қўллаб-қувватлаганини айтди.

«Толибон» ҳозирда АҚШ Давлат департаментининг хорижий террорчи ташкилотлари рўйхатида йўқ. Бироқ, ҳаракат Оқ уйнинг толибларни террорчи ташкилот деб таснифлаган санкциялари остида бўлиб, бу ҳолат Қўшма Штатларга активларни музлатиб қўйиш ва Афғонистон ҳукумати билан боғлиқ операцияларни тақиқлаш имконини беради. Бундан ташқари, «Толибон» ичидаги фракция ҳисобланмиш Ҳаққоний тармоғи АҚШ томонидан расман глобал террорчи ташкилот сифатида тан олинган.

*22 май ҳолатига кўра, «Толибон» ҳаракати Россияда террорчи сифатида тан олинган ташкилотлар рўйхатида қолмоқда.

**РФ ва кўпгина давлатларда террорчи сифатидан тан олинган ва тақиқланган ташкилот.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ