Москва мэри мактаб ва касалхона манзилини билмайдиган таксичилар жаримага тортилишига доир қонунни имзолади

yandex.net сайти фотосурати

Москва мэри Сергей Собянин аттестациядан ўтмаган такси ҳайдовчиларига 5 минг рубль миқдорида жарима солишни назарда тутувчи қонунни имзолади. Қонун матни mos.ru порталида эълон қилинди.

Москвада такси ҳайдовчиларини мажбурий аттестациядан ўтказиш 2025 йил 1 мартида жорий этилган. Teст 20 дақиқа давом этади ва уни муваффақиятли топшириш учун тўққизта саволдан саккизтасига тўғри жавоб бериш керак.

Аттестация жараёнида такси ҳайдовчиларининг транспорт объектлари, маданият ва тиббиёт муассасалари, таълим ва спорт иншоотлари, давлат ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари эгаллаб турган биноларнинг жойлашуви бўйича билимлари синовдан ўтказилади. Такси ҳайдовчилари кўрсатилган объектларга борадиган йўналишларни, фавқулодда вазиятларда ҳаракатларни, йўловчилар ва юкларни ташиш қоидаларини билишлари керак.

Аттестациядан ўтиш бепул ва ҳужжат икки йил давомида амал қилади. Москва шаҳар думаси раиси Алексей Шапошниковнинг сўзларига кўра, 160 минг такси ҳайдовчиси аттестациядан ўтганликларини тасдиқловчи ҳужжатни олган.

ℹ️ Қайд этиш жоиз, Москвада ишлаётган таксичилар орасида Марказий Осиё давлатларидан ташриф буюрувчилар кўп. 2023 йили XI Халқаро Евроосиё «Такси» форуми давомида Россия пойтахтидаги қарийб 332 минг такси ҳайдовчисининг 79 мингга яқини Қирғизистон, 7 минг нафари Тожикистон, 5 мингга яқини Ўзбекистон фуқаролари экани маълум қилинган эди. 2024 йили Москва такси ҳайдовчиларининг «Добро» касаба уюшмаси раиси Николай Кодоловнинг таъкидлашича, минтақа аҳолиси пойтахт таксичиларининг деярли ярмини ташкил қилади. Унинг сўзларига кўра, «мигрантларнинг кетиб қолиши нархлар ошишига ва машинани кутиш узоқроққа чўзилишига олиб келади. Такси компаниялари ҳам муаммоларга дуч келишади, чунки машиналар бор, аммо уларни ҳайдайдиган одам қолмайди».

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ