Тожикистон ва AI-компаниялари Душанбеда маълумотлар маркази ва GPU-кластерини яратишга келишиб олди

Тожикистон Саноат ва янги технологиялар вазирлиги матбуот хизмати фотосурати

Тожикистон ва халқаро Presight (ОАЭ) ва Scale AI (АҚШ) компаниялари сунъий интеллектни ривожлантириш мақсадида Душанбеда миллий маълумотлар маркази ва GPU-кластерини яратишга келишиб олди. Бу ҳақда 26 май куни Саноат ва янги технологиялар вазирлиги раҳбари Шерали Кабир ўтказган ишчи йиғилишда маълум бўлди, деб хабар беради мазкур вазирлик матбуот хизмати.

Учрашувда томонлар Сунъий интеллектни (СИ) ривожлантириш бўйича Миллий стратегия доирасидаги ҳамкорликнинг асосий йўналишларини муҳокама қилдилар, жумладан:

👉 Душанбедаги «Ақлли шаҳар» ташаббуси доирасида компьютер кўриш алгоритмлари бўйича Presight пилот лойиҳасини ишга тушириш;

👉 Минтақавий компанияларнинг ҳудудий бўлимларини Area AI технопаркида жойлаштириш – СИ ёрдамида ўзини-ўзи тартибга солувчи минтақадаги биринчи инновацион парк;

👉 GPU-кластери ва яшил энергияга асосланган миллий булутли маълумотлар марказини яратиш;

👉 Тожикистон СИ компаниялари билан ўзаро ҳамкорлик;

👉 кадрларни тайёрлаш, илмий ҳамкорлик ва СИ ечимларини маҳаллийлаштириш.

Вазирнинг таъкидлашича, сунъий интеллект мамлакат барқарор иқтисодий ривожланишининг устувор йўналиши бўлиб, етакчи жаҳон технология компаниялари билан ҳамкорлик Тожикистонда сунъий интеллект ривожланишини янги босқичга олиб чиқишга ёрдам беради. Учрашув якунлари бўйича 2025 йил охиригача меморандумлар тайёрлаш ва қўшма ташаббусларни бошлаш режалаштирилган.

ℹ️ Душанбедаги Area AI технопарки лойиҳаси сунъий интеллектга асосланган дастурий таъминот экспортини ошириш ва 2040 йилга бориб СИнинг Тожикистон ялпи ички маҳсулотидаги улушини 5 фоизга етказишни мақсад қилган. Технопарк бешта ҳудудни ўз ичига олади: мутахассисларни тайёрлаш ва ишга жойлаштириш, стартап хаб, фундаментал тадқиқотлар, «яшил» маълумотлар маркази ва сунъий интеллектни тартибга солиш бўйича минтақавий марказ.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йили Президент Эмомали Раҳмон 2040 йилгача сунъий интеллектни ривожлантириш бўйича Миллий стратегияни тасдиқлади ва бу билан Тожикистон Марказий Осиёда биринчи бўлиб миллий даражада расман сунъий интеллектни ривожлантириш дастурига эга бўлди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ