2024 йилнинг биринчи ярмида Қирғизистонда 311 дан ортиқ сел оқими қайд этилган. Ушбу табиий офатлар натижасида моддий зарар 1,22 миллиард сомни (деярли 14 миллион доллар) ташкил этган. Бундай маълумотлар фавқулодда вазиятлардан эрта огоҳлантиришга бағишланган семинарда маълум қилинди, деб ёзади 24.kg.
Тадбир «Бир Дуйно» жамоат фонди Global Network of Civil Society Organizations for Disaster Reduction (GNDP) халқаро тармоғи, республика Омбудсман идораси ва бошқа ҳамкорлар иштирокида ташкил этган. Мутахассислар тадқиқот натижаларини муҳокама қилишган, унинг мақсади Ўш, Иссиқкўл ва Жалолобод вилоятларидаги хавфли зоналардаги табиий офатлар билан боғлиқ вазиятни ўрганиш бўлган. Таҳлил 2017-2019 йилларни қамраб олган.
Бундан ташқари, мутахассислар кейинги давр учун статистик маълумотларни тақдим этгалар. Қайд этилишича, 2022-2024 йиллари Қирғизистонда юз берган фавқулодда вазиятлар натижасида камида 100 киши ҳалок бўлган, 140 мингдан ортиқ фуқаро табиий офат зонасидан кўчирилган, 426 мингдан ортиқ уй вайрон бўлган. Шунингдек, 187 та бино шикастланган ва капитал таъмирга муҳтож. 9 та давлат биноси, 15 та ижтимоий объект, 323 та хўжалик биноси, 81 та корхона, турли техника ва транспорт воситаларига зарар етказилган.
Оммавий ахборот воситалари таъкидлашича, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги вакиллари, экспертлар ва фуқаролик фаоллари томонидан тайёрланган Фавқулодда вазиятлар мониторинги ва прогнозлаш ягона тизимининг SWOT-таҳлили (ташқи ва ички омилларни ҳисобга олган ҳолда стратегик режалаштириш усули) семинарнинг муҳим қисми бўлган. Муҳим масалалар белгиланиб, уларни миллий миқёсда ҳал этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар таклиф этилган.
Бундан ташқари, экспертлар иши натижаси «Хавфлар ва офатлар бўйича глобал платформа» конференциясида тақдим этиладиган «йўл харитаси» бўлган. Ушбу тадбир жорий йил июнь ойида Женевада бўлиб ўтади.
ℹ️ Сел (сел оқими) — Марказий Осиё мамлакатларида кенг тарқалган табиий ҳодиса. Аммо ҳар сафар тоғлардан сув ва лой оқимлари ҳудудларни бостирганда, расмийлар мазкур табиий офатга қарши курашга тайёр бўлишмайди. Олдиндан огоҳлантириш тизими заиф ишлайди, бу кўпинча одамларнинг мусибат чекишига олиб келади.
Шундай қилиб, ўтган йили Қирғизистоннинг Ўш вилоятида сел оқибатида 10 дан ортиқ одам ҳалок бўлгани хабар қилинганди.