Ўзбекистонда суд 28 ёшли Тошкент вилоятида туғилган фуқарога Россия армиясида хизмат қилгани учун тўрт йилга озодликни чеклаш жазосини берди. Бу ҳақда Kun.uz хабар берди.
1997 йили Қуйичирчиқ туманида туғилган йигит 2024 йил июнь ойида Россияга жўнаб кетган. Унинг сўзларига кўра, у авваллари аралаш яккакураш бўйича профессионал спортчи бўлгани сабаб, Москвага армани менежерларнинг таклифига биноан, гўёки жанговар ўйинда қатнашиш учун борган. Аммо жанг бекор қилинади ва унинг паспортини олиб қўйишади. Шартнома бўйича хизмат қилиш ҳақидаги эълонни кўрган Ўзбекистон фуқароси Россия военкоматига мурожаат қилади.
«Пул дарҳол тўланадими, деб сўрадим. Тасдиқлашди. Кейин арманлардан паспортимни олиб, қарзни тўлаб, бир йилга шартнома туздим. Улар менга Ўзбекистонда қилиб юрган ишим — техникани таъмирлайсан, дейишди», — дейди у.
Шартнома имзолангандан сўнг ўзбекистонлик Ростов яқинида тайёргарликдан ўтган ва август ойида Луганскдаги МҲО (махсус ҳарбий операция)га жўнатилган ва у ерда тез орада дрон ҳужуми пайтида кўзидан жароҳатланган. Россия касалхоналарида даволангач, таътил олиб, Ўзбекистонга қайтишга ҳаракат қилган, аммо элчихонадан ёрдам ололмаган.
«Менга тузалишим учун 60 кунлик таътил беришди. Ўзбекистонга қайтмоқчи бўлдим. Москвадаги элчихонага мурожаат қилдим, улар менга ёрдам беришмади. Интернет орқали 50 минг рублга миграция картасини сотиб олиб, 2024 йил 20 декабрида Ўзбекистонга қайтдим», — дейди йигит судда.
Суд унинг тергов билан ҳамкорлик қилгани ва муқаддам судланмаганини инобатга олиб, Ўзбекистон Жиноят кодексининг 154-моддаси («Ёлланиш») билан айбдор деб топиб, 4 йил 1 ой 20 кун муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлади.
ℹ️ Бундан олдин яна бир қанча ўзбекистонлик йигитлар ушбу модда бўйича худди шундай жазога тортилганди. МҲО иштирокчиларининг уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум этилгани ҳолатлари ҳам маълум.