Қозоғистон депутатлари келин ўғирлаш учун жиноий жавобгарлик жорий этилишини қўллаб-қувватлади

freepik.com сайти фотосурати

Қозоғистон Мажилиси (парламент қуйи палатаси) депутатлари иккинчи ўқишда Жиноят кодексига келин ўғирлаш учун жавобгарликни назарда тутувчи тузатишларни қабул қилди, деб хабар беради ТАСС.

Депутатлар Жиноят кодексига янги «Никоҳга мажбурлаш» 125-1-моддасини киритишни таклиф қилди. Тегишли қилмиш жарима, ахлоқ тузатиш ишлари, озодликни чеклаш ва икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. «Агар бу ҳаракат вояга етмаган шахсга нисбатан зўравонлик қўллаш, бир гуруҳ шахслар томонидан ёки хизмат мавқеини қўллаш билан боғлиқ бўлса, озодликдан маҳрум қилиш муддати — уч йилдан етти йилгача оширилади. Ва агар оғир оқибатларга олиб келса, беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилади», — дейилади Мажилис матбуот хизмати хабарида.

Шу билан бирга, шахсни ўғирлаб, кейинчалик ўз ихтиёри билан уни озод қилган кимса, унинг ҳаракатларида бошқа жиноят таркиби бўлмаган тақдирда ҳам, жиноий жавобгарликдан озод этилмайди.

Қонунда шунингдек, сталкинг деб аталадиган ҳаракат — ноқонуний таъқиб қилиш, алоқа ўрнатишга уриниш ёки фуқарони иродасига қарши кузатиб бориши учун жиноий жавобгарлик жорий этилади.

Аввалроқ парламент депутати, қонун лойиҳаси бўйича ишчи гуруҳи раҳбари Абзал Куспан Tengrinews.kz нашрига берган интервьюсида келин ўғирлаш учун жарима миқдори 2000 ойлик ҳисоб миқдори (2025 йили 7,8 миллион тенге (15 минг доллар)) гача бўлишини маълум қилганди. «Мажбурлашнинг хавфлироқ шакли» учун жарима миқдори 5000 ОҲМ (бу жорий йили 19,6 миллион тенге ёки 38 минг доллар)гача оширилади.

«Статистик маълумотлар шуни кўрсатадики, Қозоғистонда сўнгги пайтларда келин ўғирлаш ҳолатлари кўпайган. Улар асосан жанубда содир бўлмоқда. Қозоғистонда ўзаро келишув асосида оила бюджетини тежаш мақсадида ёшлар тўйдан олдин келин ўғирлашга келишиб олишади. Бу одатда тўй ўтказиш учун молиявий имконият бўлмаганида содир бўлади. Аммо жанубий вилоятларда бундай ҳолатлар кўп учраб туради. Нотаниш эркак кўчада қизни машинага мажбурлаб ўтқазади. Айрим ҳолларда бу бир гуруҳ йигитлар томонидан амалга оширилади. Улар бу ҳаракатини удум, урф одам дея оқлашади. Аслида, қозоқларда келиш ўғирлаш одати бўлмаган. Бу ҳақда тарихчилар бир неча бор айтишган», — дейди Қуспан.

Унга кўра, 2019 йилдан 2023 йилгача Қозоғистонда аёлларни ўғирлаш фактлари бўйича 214 та судгача иш қўзғатилган, жиноят таркиби йўқлиги сабабли 201 та иш тугатилган. Чунки Жиноят кодексининг 125-моддаси – «Одам ўғирлаш»да агар ўғирлаган кимса жабрланувчини ўз ихтиёри билан озод қилса, жиноят иши тугатилади, деган ёзув мавжуд.

Атирауда бўлиб ўтган Миллий қурултой йиғилишида Президент Қосим-Жомарт Тўқаев мазкур муаммога эътибор қаратиб, келин ўғирлаш ҳолатларини «ғирт жаҳолатпарастлик» деб атаган ва уларга тегишли ҳуқуқий баҳо берилишини буюрган. Шундан сўнг Жиноят кодексига ўзгартиришлар киритиш бошланди. Қонун лойиҳаси Мажилис томонидан қабул қилинганидан сўнг парламент Сенатига (юқори палатаси) кўриб чиқиш учун юборилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ