Ўзбекистонликларга Ҳаж зиёратини адо этишлари учун қулай шарт-шароитлар яратилди

islam.ru сайти фотосурати

Ҳаж зиёратини адо этиш учун Саудия Арабистонига 15 минг нафар ўзбекистонлик етиб келди. Уларнинг Маккада яшашлари учун қулай шароитлар яратилган. Бу ҳақда мамлакат мусулмонлари идораси раиси шайх Нуриддин Холиқназар Республика Президенти Шавкат Мирзиёевга маълум қилди, дея хабар беради давлат раҳбари матбуот хизмати.

Муфтий ҳазратлари ҳаж зиёратини тўлиқ адо этиш учун мусулмонлар идораси томонидан барча зарур ташкилий чора-тадбирлар кўрилганини алоҳида таъкидлади. Хусусан, ўзбекистонликларга 300 нафар гуруҳ раҳбари, 50 нафар малакали шифокор, 10 нафардан ортиқ ошпаз ва бошқа мутахассислар ҳамроҳлик қилмоқда.

Бундан ташқари Ўзбекистон томонининг талабига мувофиқ, Арафот ҳудудидаги чодирлар ёпиқ тарзда барпо этилган. Уларнинг атрофи иссиқ ўтказмайдиган панеллар билан ўралган, совутиш тизими ўрнатилган, гилам ва тўшаклар солинган. Бу ҳозирги ёз кунларида зиёратчиларга қўшимча қулайлик яратади.

Бир сўз билан айтганда, бу йилги ҳаж мавсумига янада юқори даражада тайёргарлик кўрилиб, барча зарур шароитлар ҳозирланди.

«Бундан қалбида шукроналик ҳисси жўшган юртдошларимиз муқаддас жойларда туриб, Яратгандан мамлакатимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлигини сўраб дуолар қилмоқда», — деди Холиқназар.

Шунингдек, у ҳожилар Ўзбекистонга қайтгач, маҳаллаларда ижтимоий муҳитини мустаҳкамлаш, эҳтиёжманд инсонларга кўмак бериш, ёшларни илм-маърифатга тарғиб этишда намуна кўрсатишларига умид билдирилди.

ℹ️ 2025 йилги Ҳаж мавсуми май ойи ўрталарида бошланган ва 9 июнга қадар давом этади. Саудия Арабистони Ўзбекистонга 15 минг зиёратчи учун квота ажратган. Бундан ташқари, фақат бундай фаолиятни амалга ошириш лицензиясига эга туроператорлар одамларни Маккага юбориши мумкин.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ