Жорий йилнинг январь-апрель ойларида Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан 6536 та оиладаги зўравонлик ҳолати қайд этилган, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 36 фоизга кўпдир. Бу ҳақда республика ИИВ Жамоат хавфсизлиги хизматига таяниб, 24.kg нашри хабар берди.
Вазирлик бир қатор бошқа статистик маълумотларни ҳам келтирган. Шу тариқа, жорий йилнинг тўрт ойида ички ишлар органлари томонидан оилавий зўравонлик қурбонларига 4967 та ҳимоя ордери берилган. Тегишли модда (Жиноят кодексининг 70-моддаси) асосида 1708 та баённома тузилган. Натижада 538 нафар шахс жамоат ишларига, 824 нафар фуқаро суд қарори билан қамоққа олинган.
Бундан ташқари, қуйидаги моддалар бўйича жиноий ишлар қўзғатилган:
✔️ Қирғизистон Жиноят кодексининг 122-моддаси («Қотиллик») бўйича 11 та иш;
✔️ Жиноят кодексининг 130-моддаси («Соғликка оғир шикаст етказиш») билан 10 та иш;
✔️ Жиноят кодексининг 131-моддаси («Соғликка унча оғир бўлмаган зарар етказиш») билан 7 та иш;
✔️ Жиноят кодексининг 138-моддаси («Қийноққа солиш») билан 7 та иш.
Жиноят кодексининг бошқа моддаларини инобатга олган ҳолда оилавий зўравонлик ҳолатлари бўйича жами 165 та иш очилган.
Оилавий зўравонлик билан боғлиқ воқеаларга оид маълумотлар мунтазам қирғиз оммавий ахборот воситаларида пайдо бўлади. Масалан, ўтган ҳафта, 28 май куни кенг жамоатчилик эътирозига сабаб бўлган ҳолат маълум бўлди. Ўш вилоятининг Қорақулжа туманида маҳаллий эркак хотинини ўлдирган. Тергов материалларига кўра, аёл синфдошларининг мактаб битируви 20 йиллиги тадбирида иштирок этган. Эр ўзининг беш фарзандининг онаси бўлмиш хотинини рашк қилган ва натижада уни калтаклаб, сўнг отиб ташлаган. Қайд этилишича, «Қотиллик» моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилиб, 40 ёшли гумонланувчи вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган.