Қозоғистон Киевнинг «Ўргимчак тўри» махсус операциясига алоқадорлигига оид хабарларни «мақсадли ҳужумлар» деб атади

@boris_rozhin фотосурати

Остона Киев томонидан «Ўргимчак тўри» махсус операциясида фойдаланилган дронлар Россия ҳудудига Қозоғистондан кириб келиши мумкинлиги ҳақидаги хабарларни инкор этди. Мажилис (парламент қуйи палатаси) депутати Константин Авершин Tengrinews.kz нашрига берган интервьюсида бундай хабарларни «сохта янгиликлар» ва «мақсадли ҳужумлар» деб атади.

«Қозоғистонни у ёки бу томонга қарама-қарши қўйиш мақсадида ташқаридан маълум кучлар томонидан вақти-вақти билан «фейк хабарлар» тарқатилмоқда. Мақсад — одамларни ўз томонига жалб қилиш. Улар «бот фермалари» ва бошқалардан фойдаланадилар. Бу геосиёсий нотинчлик даври жараёнининг бир қисмидир», — деди Авершин ва қозоғистонликлар бирор томонга ён босмай, улар ўз Ватани борасида қайғуришлари кераклигини таъкидлади.

«Бизда йиғилаётган дронлар қатъий назорат остида. Бирорта детал эътибордан четда қолмайди. Шунинг учун бу уйдирмаларнинг барчаси қасддан қилинган қўпорувчиликдир. Қозоғистоннинг фақат битта позицияси бор – бу ҳам бўлса тинчликпарварлик. Президентимиз буни ҳамма жойда айтади. Қозоғистонликлар урушга қарши. Мажилиснинг Халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик бўйича қўмитаси аъзоси сифатида мен ҳам шундай ишлаб чиқариш объектларига мунтазам ташриф буюраман, шунинг учун расман айтаман: на эҳтиёт қисмлари, на тайёр маҳсулотларнинг бегона қўлларга тушиб қолиши мумкин эмас», — дея хулоса қилди у.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам худди шундай позицияда. Бир кун аввал вазирлик расмий вакили Айбек Смадияров республиканинг махсус операцияга алоқадорлигига оид хабарлар «Telegram-каналлар орқали тарқатилаётганини» айтди. «Мен фитна назариялари ва ҳар хил тахминларга изоҳ бермайман. Агар расмий идораларимизга расмий сўровлар берилса, биз ҳамма нарсага расман жавоб берамиз», деди у (ТАСС иқтибоси).

1 июн куни Украина дронлари Россиянинг бир қанча минтақалари, жумладан Сибирдаги стратегик бомбардимончи самолётлар базаларига ҳужум қилди. Украина Хавфсизлик хизмати томонидан амалга оширилган операция «Ўргимчак тўри» деб номланди. У бир ярим йил давомида тайёрланган ва тарихда РФ стратегик кучларига берилган энг йирик ҳужумга айланди.

Тахминларга кўра, ҳужумда фойдаланилган учувчисиз учиш аппаратлари Челябинск вилоятидаги омборга йиғилган. Аввалроқ бир қатор Telegram-каналлари мазкур омборга дронлар учун эҳтиёт қисмлар Қозоғистондан келтирилган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқатганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ