Россиялик фермерлар қозоқ сайғоқларидан ҳимоя қилишини сўраб Путинга мурожаат қилишди

Фермерлар. vzsar.ru сайти фотосурати

Саратов вилояти фермерлари Россия президенти Владимир Путинга Қозоғистондан сайғоқ миграцияси муаммосини ҳал қилишда ёрдам сўраб видеомурожаат қилишди. Видеомурожаат «Взгляд-инфо» сайтида эълон қилинган.

Фермерларга кўра, Қозоғистондан миллионга яқин дашт антилопалари (сайғоқлар) кўчиб ўтган. Уларнинг май ойида бошланган миграцияси экинлар, яйловлар ва пичанзорларнинг вайрон бўлишига олиб келган. Александрово-Гайский, Питерский ва Новузенский туманлари энг кўп зарар кўрган.

Бундан ташқари, фермерлар ичимлик суви сифатида фойдаланиладиган Кичик Узен дарёсида қизил китобга киритилган сайғоқларнинг оммавий нобуд бўлаётгани ва бу маҳаллий аҳоли ҳаёти ва соғлиғига бевосита таҳдид солаётгани фактларига эътибор қаратишган.

Сайғоқлардан ташқари, деҳқонлар чигирткалар босқинидан хавотирда ва бу офатни мустақил енгиб бўлмаслигини таъкидлашади.

«Саратов вилояти Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва вилоят ҳокимлигига бир неча бор мурожаат қилганимизга қарамай, муаммо ҳал этилмаяпти», — дейди фермерлар президентга йўллаган мурожаатида.

Бир кун олдин «Взгляд» нашри РФ Бош вазирининг ўринбосари — Қишлоқ хўжалиги вазири Роман Ковальскийга саволлар юборган. Мулозим журналистларга жавоб бермаган, аммо Саратов вилояти Қишлоқ хўжалиги вазирлиги изоҳ берган.

«Қозоғистондаги сайғоқлар миграциясидан жабр кўрган Александрово-Гайский, Новузенский ва Питерский туманларида ҳайвонлар етказган зарарни баҳолаш учун махсус комиссиялар тузилмоқда. Комиссиялар фаолияти натижасида олинган маълумотлар қайта ишланади, тизимлаштирилади ва юқори органларга етказилади. Фермерларга ёрдам бериш механизми ишлаб чиқилмоқда. Волга-Ўрол сайғоқлари популяцияси масаласи, шу жумладан, федерал даражада кўриб чиқилади», — дейилади вилоят вазирлиги изоҳида.

Аввалроқ сайғоқлар босқинига Қозоғистонда эътибор берилганди, у ерда маҳаллий фермерлар ҳам антилопа популяциясининг кескин кўпайишидан азият чекишмоқда. Бу йил ҳайвонлар сони 5 миллиондан ошиши кутилмоқда. Республика Экология вазирлиги сайғоқлар популяциясини тартибга солиш бўйича «йўл харитаси»ни ишлаб чиққан: ҳайвонларни отишга қайтиш режалаштирилган.

Қозоғистондаги сайғоқлар узоқ вақтдан бери давлат муҳофазасида бўлган. Уларнинг сони маҳаллий тиббиётда шохларининг қўлланилаши сабаб, браконерлар томонидан сезиларли даражада камайган. 2019 йили республикада овчиларга қилинган қатор ҳужумлардан сўнг браконерлик, хусусан, сайғоқ шохлари савдоси учун жазо кучайтирилган.

2022 йил июнь ойида ўша пайтдаги Экология вазири Сериккали Брекешев Қозоғистонда сайғоқлар популяциясини тиклаш режаси ортиғи билан бажарилганини, бироқ уларнинг сони шунчалик кўпки, ҳайвонлар маҳаллий фермерлар ҳаётини қийинлаштира бошлаганини айтган. Натижада сайғоқлар популяциясини 10 фоизга қисқартиришга, яъни 80 минг бошни йўқ қилишга қарор қилинган. Бу жамоатчиликнинг норозилигига сабаб бўлган. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев ҳам бу қарорни танқид қилган, бироқ уни бекор қилмаган. 2024 йил бошида сайғоқларни отиш «батафсил рўйхатга олиш» ишларини ўтказиш учун тўхтатилганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ