Душанбе милицияси Қурбон ҳайити олдидан нархларни ошириб юборган ўнта қассобни жаримага тортди

Жаримага тортилган савдогар . Душанбе ИИБ матбуот хизмати фотосурати

Душанбе милицияси тезкор гуруҳи Қурбон ҳайити олдидан шаҳар бозорларида рейд ўтказди, натижада гўштни оширилган нархларда сотаётган ўн нафар савдогарни аниқлади. Бу ҳақда Тожикистон пойтахти Ички ишлар бошқармаси ўзининг Телеграм-каналида хабар берди.

Хавфсизлик кучлари қассоблар ўз товарлари нархини қанчага оширганига аниқлик киритмаган. Ички ишлар бошқармасининг таъкидлашича, «фуқаролар эҳтиёжидан ва яқинлашиб келаётган Қурбон ҳайити байрамидан фойдаланиб, моддий манфаат йўлида ўзбошимчалик билан гўшт маҳсулотлари нархини оширган» нохолис шахслар аниқланган.

Қоидабузарларга нисбатан Тожикистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 555-моддаси («Нархларни асоссиз равишда ошириш») бўйича баённома тузилган ва жарима солинган. Жарима миқдори ҳақида ҳам маълумот берилмаган. Бироқ, юқоридаги моддага кўра, патент асосида ишлаётган якка тартибдаги тадбиркорлар учун 20 дан 40 гача ҳисоб-китоб кўрсаткичи, яъни – 1500 (151,5 доллар) дан 3000 сомонигача (303 доллар) жарима кўзда тутилган.

Пойтахт ички ишлар бошқармаси вакиллари бозорлардаги вазиятни назорат қилиш учун махсус ишчи гуруҳлар март ойи бошида – Рамазон ойи арафасида тузилганини эслатади. Бунга пойтахт аҳолиси томонидан нархларнинг сунъий равишда оширилгани ҳақидаги кўплаб шикоятлари сабаб бўлган. Ўшанда шунга ўхшаш ҳолатлар аниқлангани маълум қилинганди. Шундай қилиб, бир қанча савдогарлар бир коло гўштни 75 сомони (7,5 доллар) ўрнига 95-100 сомони (тахминан 10 доллар)дан сотишган.

Душанбе Ички ишлар бошқармаси шаҳардаги савдо майдончаларида рейд ва текширувлар давом этишини қайд этган.

ℹ️ Ҳар бир мамлакатда мусулмонларнинг қурбонлик байрами ўз номига эга: Қозоғистонда Қурбон-Айт, Қирғизистонда Қурман-Айт, Тожикистонда Иди Қурбон, Туркманистонда Қурбан-байрами, Ўзбекистонда Қурбон Ҳайити (Россияда Қурбан-байрам, Араб мамлакатларида Ид-ал-Адха). Бу йил байрам 6 июнь куни нишонланади. Марказий Осиё республикаларида бу кун дам олиш куни деб эълон қилинган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ