Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон халқаро ҳамкорлар кўмагида Душанбеда Гляциология бўйича минтақавий мувофиқлаштириш маркази ташкил этилишини маълум қилди. Муассаса иқлим ўзгаришининг музликларга таъсирини батафсил ўрганади, дея аниқлик киритади давлат раҳбари матбуот хизмати.
Бу ҳақда Раҳмон 8 июнь куни Франциянинг Ницца шаҳрида бўлиб ўтган «Криосфера фанлари бўйича халқаро ҳаракатлар ўн йиллиги» бошланиши шарафига ўтказилган юқори даражадаги тадбирда айтиб ўтди.
Тожикистон раҳбари иқлим ўзгариши ва унинг атроф-муҳитга таъсири туфайли юзага келган қатор муаммоларни қайд этди. Хусусан, гап музликларнинг мисли кўрилмаган даражада эриши ва ичимлик сувининг кескин танқислиги ҳақида бормоқда. Президент бу жараённинг оқибатлари Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиёти ва экотизимларига жиддий зарар етказаётгани, инсон ҳаётига хавф туғдираётганини алоҳида таъкидлади.
Шу муносабат билан Тожикистон 20 йилдан бери сув ва иқлим кун тартибини глобал миқёсда фаол равишда илгари сурмоқда.
«Сув ва иқлим масалалари бўйича ташаббусларимиз халқаро ҳамжамият томонидан қўллаб-қувватланди ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 14 та резолюцияси орқали амалга оширилмоқда», — дея қўшимча қилди Раҳмон.
Шунингдек, у халқаро ҳамжамият Марказий Осиё республикаси ва Франциянинг «Криосфера фанлари бўйича ҳаракатлар ўн йиллиги»ни эълон қилиш бўйича қўшма ғоясини қўллаб-қувватлаганини таъкидлади. Бундан ташқари, Тожикистон «Халқаро музликларни сақлаш йили» эълон қилиниши ташаббуси билан чиқди.
Раҳмон криосферанинг қисқаришига эътибор қаратиш зарурлигини яна бир бор эслатди. Республика раҳбари олимларнинг баҳоларини келтирди, унга кўра, 2050 йилга бориб бу салбий жараён қирғоқбўйи ҳудудлари ва орол давлатларида яшовчи бир миллиардгача аҳолига таъсир қилиши мумкин.
Президент ўз нутқида, шунингдек, жаҳон ҳамжамиятини криосферани асраб-авайлаш ва барча даражадаги криосфера фанларини мустаҳкамлаш йўлида ҳамкорликни кенгайтиришга чақирди.
ℹ️ 9-13 июнь кунлари Ницца шаҳрида «Криосфера фанлари бўйича халқаро ҳаракатлар ўн йиллиги»ни бошлаган БМТнинг Океан бўйича учинчи конференцияси бўлиб ўтмоқда. Тадбирда БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, 65 давлат раҳбарлари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар вакиллари иштирок этмоқда.