Қозоғистонда жамоат жойларида ниқоб кийишни тақиқлаш муҳокамаси қайта жонланди

ulysmedia.kz сайти фотосурати

Қозоғистонда жамоат жойларида инсон юзини беркитадиган кийим-кечакларни кийиш тақиқланиши мумкин. Тегишли ўзгартириш ҳозирда Сенатда кўриб чиқилаётган «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги қонунга киритиш таклиф қилинди, деб ёзади Tengrinews.kz.

Мазкур ташаббус конституциявий қонунчилик, суд-ҳуқуқ тизими ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари қўмитасининг ишчи гуруҳи йиғилишида илгари сурилди. Сенаторларнинг фикрича, янги қоида «юзни таниб олишга халақит берадиган кийим-кечаклардан фойдаланган ҳолда содир этилган» ҳуқуқбузарликлар олдини олишга ёрдам беради.

Бундай кийим-кечакдан қонун талабларига риоя қилиш, тиббий мақсадларда, фуқаролик мудофааси учун, муайян об-ҳаво шароитида, спорт ва маданий тадбирларда қатнашиш учун фойдаланилган ҳолатлар мустасно бўлиши мумкин.

Тузатишларда қандай кийимлар муҳокама қилинаётгани аниқланмаган бўлса-да, ниқоб ва бош кийимлар билан бир қаторда диний либослар, хусусан, юзни тўлиқ қоплайдиган ниқоб ҳам тақиқланишини тахмин қилиш мумкин. Қозоғистонда бир неча йиллардан бери унинг тақиқланишига доир мунозаралар давом этмоқда.

2024 йил март ойида Қосим-Жомарт Тўқаев ниқобларни қозоғистонлик аёлларга радикал кайфиятдаги неофитлар томонидан тиркалаётган эски кийимлар тури деб атаган эди. Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, бу қозоғистонликларнинг анъанавий қадриятларига қарши йўналтирилган «очиқчаси чақириқ»дир. Республика расмийлари ўтган йил кузида жамоат жойларида диний либосларни тақиқлаш масаласини кўриб чиқишни режалаштирган эди, бироқ бу амалга ошмаганди.

Ўтган баҳорда ижтимоий тармоқларда Атираудаги ёпиқ конкида учиш майдончасида олинган сурат эълон қилинганидан сўнг, ушбу мавзу бўйича муҳокамалар янада жонланганди. Суратда ниқоб кийган тўрт нафар қиз «ўзгартирилган» Қозоғистон байроғини қўлларида ушлаб тургани акс этган. Байроқда қуёш, бургутдан ташқари шамшир акс этган ва арабча калима битилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ