Қозоғистонда «Илон Маск терминаллари» қонунийлаштирилди

gov.kz сайти фотосурати

Қозоғистон Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазирлиги Starlink (SpaceX шўъба корхонаси) билан республикада сунъий йўлдош интернети тақдим этилишига оид шартномани имзолади, деб хабар беради вазирлик матбуот хизмати.

Келишувга кўра, жорий йил учинчи чорагида сунъий йўлдош терминалларини расман сотиш бошланади, шундан сўнг фуқаролар уларни қонуний равишда сотиб олишлари, фойдаланишлари ва рўйхатдан ўтказишлари мумкин.

«Бугунга қадар Starlink Қозоғистонда синов режимида ишлаган, интернет хизмати фақат мактабларга тақдим этилганди. У расман аҳоли учун мавжуд эмас эди. Ва ниҳоят, биз келишувга эришдик: компания қонунчилигимизнинг ахборот хавфсизлиги ва коммуникациялари соҳасидаги барча талабларига риоя қилишга рози бўлди. Бу йил улар барча зарур чораларни кўришади ва фуқароларимиз интернетга расман ва қонуний уланишлари мумкин бўлади», — дея хабарда вазир Жаслан Мадиев сўзлари келтирилган.

Starlink сунъий йўлдош интернетига уланиш фойдаланувчи ускуналари орқали амалга оширилади. Хизмат кўрсатиш шартлари ҳозирча келишилмоқда.

Вазирлик Starlink қишлоқ мактаблари, тиббиёт муассасалари, мобил бўлинмалари ва инфратузилма объектларини, айниқса, оптик толали тармоқларни ўрнатиш иқтисодий ёки техник жиҳатдан қийин бўлган ҳудудларни юқори сифатли алоқа билан таъминлаши кутилмоқда.

Starlink — бу Элон Маскнинг SpaceX компанияси томонидан самода жойлаштирилган глобал сунъий йўлдош тизими бўлиб, унга махсус ускуналар орқали уланиш мумкин. Лойиҳани ишлаб чиқиш 2015 йили бошланган. Унинг асосий мақсади фойдаланувчиларга ҳар қандай носоз жойларда юқори тезликдаги кенг полосали Интернетга киришни таъминлашдан иборат.

Аввали қозоғистонликлар Starlink абонент терминалларидан фойдаланиш ноқонуний экани ҳақида огоҳлантирилган эди. Жисмоний шахсларга 10 та минимал иш ҳақи (34,5 минг тенге ёки 75 доллар) миқдорида жарима солиниш мумкин эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ