Ўзбекистон пойтахтида 9—12 июнь кунлари бўлиб ўтган IV Тошкент халқаро инвестиция форумида (ТХИФ) умумий қиймати 30,5 миллиард долларлик инвестиция шартномалари ва савдо битимлари имзоланди.Тадбир якунлари республика Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги (ИССВ) матбуот хизмати томонидан сарҳисоб қилинди.
Қайд этилишича, жорий йили форум тадбирларида 8 мингдан ортиқ киши, жумладан, 97 давлатдан 3 мингга яқин хорижлик меҳмонлар иштирок этган. Делегатлар сонининг бундай кўплиги ишбилармон доиралар томонидан Ўзбекистонга ишонч ва қизиқиш ортиб бораётганидан далолат беради, дейилади ИССВ хабарида.
Вазирлик вакиллари Республика Президенти Шавкат Мирзиёев муҳим тадбирлар – форумнинг тантанали очилиши ва Хорижий инвесторлар кенгаши йиғилишида иштирок этганини алоҳида таъкидлади.
Тошкент форуми доирасида жами 36 та панел сессияси бўлиб ўтди, унда 150 дан ортиқ нуфузли маърузачилар: сармоядорлар, иқтисодий экспертлар ва 10 дан ортиқ давлат вакилларининг маърузалари тингланди.
Бу йилги янгилик кенг кўламли саноат кўргазмасининг ташкил этилиши бўлди. 12 минг квадрат метр майдонда 100 нафар ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчи хорижлик меҳмонларга ўз маҳсулотлари ва лойиҳа таклифларини намойиш этди.
Хусусан, экспозиция қуйидаги соҳаларда фаолият юритувчи компаниялар томонидан намойиш этилди:
✅ электротехника;
✅ фармацевтика;
✅ озиқ-овқат саноати;
✅ машинасозлик;
✅ кончилик;
✅ металлургия;
✅ энергия;
✅молиявий хизматлар;
✅ IТ;
✅ туризм.
Кўргазмага ҳар куни 2 мингдан ортиқ киши ташриф буюрди ва ушбу тадбир доирасида B2B (бизнесдаги ўзаро алоқа) ва B2G Б2Г (бизнес ва ҳукумат алоқалари) форматларида 500 дан ортиқ учрашувлар ўтказилди.
Тошкент инвестиция форуми оммавий ахборот воситаларида, жумладан, хорижда ҳам кенг ёритилди. Масалан, Euronews, Британиянинг The Guardian, Қатарнинг Al Jazeera ва бошқа нашрлари журналистлари Ўзбекистон пойтахтида ишлаган.
Аммо, тадбирнинг асосий натижаси рекорд даражадаги 30,5 миллиард долларга шартномалар имзоланиши бўлди. Шартномалар ҳажми 26,6 миллиард долларни ташкил этган ўтган йилги форумга нисбатан бу кўрсаткич 14,6 фоизга ошган. Ва 2023 йилга нисбатан (11 миллиард доллар) у деярли уч баравар ошган.
ТХИФ якунларини сарҳисоб қилар экан, Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов шундай деди: «Бу муҳим тадбирларнинг барчаси етакчи халқаро инвесторлар, давлат идоралари, молия институтлари ва ишбилармон доиралар вакилларини бирлаштирди. Келгуси йили сизларни янги ғоялар, дадил ташаббуслар ва инновацион форматлар билан яна Тошкентда кўришдан хурсанд бўламиз», — деди.