Иссиқкўлда мамлакатдаги энг йирик 1900 МВт қувватга эга қуёш электр станцияси қурилади

Қирғизистондаги биринчи ФЭС пойдеворига капсула ётқизиш маросими, Тору-Айғир қишлоғи, 2022 йил июнь. sputnik.kg сайти фотосурати

Қирғизистон ҳукумати Иссиқкўл вилоятининг Иссиқкўл туманидаги Тору-Айғир-Тамчин қишлоқ аймоғида (қишлоқ округи) 1900 МВт қувватга эга қуёш электр станциясини қуриш ва фойдаланиш бўйича инвестиция келишувини тасдиқлади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати хабар берди.

Ҳукумат йиғилишида Энергетика вазири Таалайбек Ибраев куз-қиш мавсумида мамлакатда 3-4 миллиард кВт/соатгача электр энергияси етишмаслиги ва бу кўрсаткич йилдан-йилга ортиб бораётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, янги қуёш электр станцияси (ФЭС) қурилиши электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини сезиларли даражада оширади ва Қирғизистоннинг энергия хавфсизлигини яхшилайди.

1900 МВт қувватга эга ФЭС қурилиши Қирғизистон энергетикаси тарихидаги энг йирик лойиҳа бўлади. Инвестор ким бўлиши ва қурилиш қанчага баҳолангани маълум қилинмаган.

Иссиқкўл вилоятида чет эл инвесторлари иштирокида йирик энергетика лойиҳалари амалга оширилмоқда. Хусусан, айни Тору-Айғир қишлоғида Россия билан ҳамкорликда 300 МВт қувватга эга қуёш электр станцияси қурилмоқда, Балиқчи шаҳри яқинидаги Қора-Тала қишлоғида Хитой билан ҳамкорликда 400 МВт қувватга эга қуёш электр станцияси қурилади. Биринчи лойиҳанинг қиймати 300 миллион долларга, иккинчиси 400 миллион долларга баҳоланмоқда.

ℹ️ Қирғизистондаги биринчи қуёш электр станцияси Қозоғистон компанияси билан ҳамкорликда 2022 йил июнь ойида Тору-Айғирда қурила бошланди. Унинг қуввати 300 МВтни ташкил этади, жами сармоя ҳажми 270 миллион долларни ташкил этади, шундан 25 миллион доллари Россия-Қирғизистон тараққиёт жамғармаси томонидан ажратилган. Ушбу электр станциясини қураётган «Бишкек Солар» компанияси раҳбари Азамат Искембаевнинг таъкидлашича, келажакда унинг қувватини 1 ГВтга ошириш режалаштирилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ