Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Озарбайжоннинг Хонкенди шаҳрида бўлиб ўтган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг (ИҲТ) 17-саммитида сўзлаган нутқида мазкур уюшмага аъзо мамлакатлар ўртасидаги ўзаро савдо даражаси пастлигини таъкидлади. Шундай қилиб, 2024 йил якунларига кўра, тегишли кўрсаткич 95 миллиард долларни ёки ИҲТ давлатлари умумий ташқи савдо айланмасининг 10 фоизини ташкил этган, дея республика раҳбари сўзларини келтиради унинг матбуот хизмати.
Мирзиёев таъкидлашича, товар ва хизматлар савдосини соддалаштириш, техник ва тарифсиз тўсиқларни босқичма-босқич бартараф этиш, электрон тижоратни ривожлантириш масалалари ташкилот учун долзарбдир. Қишлоқ хўжалиги бозорини тўсиқларсиз таъминлаш мақсадида тезкор ахборот алмашиш учун «яшил йўлаклар» тизимини яратиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шу муносабат билан президент Тошкентда савдо вазирлари даражасида алоҳида йиғилиш ўтказишни таклиф қилди.
Инвестицион ҳамкорликни кенгайтириш учун шаффоф ва жозибадор инвестиция муҳитини яратиш, хусусан, «Эcоинвест» дастурини қабул қилиш зарур. Давлат раҳбари бундай ёндашув хусусий инвесторлар ва халқаро молия институтларида истиқболли минтақавий лойиҳаларга қизиқиш уйғотиши мумкинлигини қўшимча қилди.
Яна бир устувор йўналиш, Марказий Осиё республикаси раҳбарининг фикрича, муқобил транспорт йўлакларини яратишдир. Мавзуни давом эттирар экан, Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлини қуриш муҳимлигини таъкидлади.
«Келгусида ушбу магистрал тармоқ Трансафғон йўлаги билан туташиб, кенг минтақамиздаги транзит тармоқларини самарали бирлаштириш имконини беради», — деди Мирзиёев.
Мирзиёев таъкидлашича, транспорт ва логистика соҳасини рақамлаштириш ишларини тизимли асосда йўлга қўйиш мақсадида Рақамли транспорт ва божхона идорасини ташкил этиш тўғрисидаги ташаббусни амалда татбиқ этиш вақти келгкан. Минтақада янги авиақатновлар йўналишларини очиш, авиакомпаниялар ўртасида инновацион ҳамкорлик шаклларини йўлга қўйиш, туризм ва авиация соҳалари ўртасида маркетинг бўйича интеграциялашган стратегияларни ишлаб чиқиш долзарб вазифалардан биридир. Ушбу масалаларни муҳокама қилиш мақсадида Миллий авиакомпаниялар форумини Самарқандда ташкил этиш таклиф қилинди. Бундан ташқари, ИҲТ доирасида туристлар оқимини кўпайтириш бўйича «йўл харитаси»ни тасдиқлаш зарур, дея қўшимча қилди Мирзиёев.
Ўзбекистон раҳбари глобал иқлим кун тартибига алоҳида эътибор қаратди. Хусусан, Бокуда бўлиб ўтган CОР-29 саммитида эришилган мажбурият ва келишувларнинг тўлиқ бажарилишини қўллаб-қувватлади. Шу билан бирга, президент Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти доирасида чўл ҳудудларида ўрмонлар ташкил қилиш, рекреация зоналарини барпо этиш бўйича Трансчегаравий «яшил дастури»ни ишлаб чиқишни таклиф қилди.
Мирзиёев «Иқтисодий шерикликнинг стратегик мақсадлари – 2035» концепциясини қабул қилиш ташаббуси билан чиқди. Унинг фикрича, ҳужжатда нафақат анъанавий соҳалар: савдо, сармоя, транспорт, энергетика, саноат, қишлоқ хўжалиги, экология, туризм ва таълим, балки инновациялар, сунъий интеллект ва рақамли технологиялар соҳалари ҳам ўз аксини топиши керак.
«Ишонаман, бугунги саммитимиз кўпқиррали ва амалий ҳамкорлигимизни янги босқичга кўтариш борасидаги катта ният ва режаларимизга муносиб туртки бағишлайди», — деди Ўзбекистон Президенти.
ℹ️ Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 17-саммитига Озарбайжоннинг Ханкенди шаҳри мезбонлик қилди.
Озарбайжон раҳбари Илҳом Алиев раислигида ўтган тадбирда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Эрон президенти Масуд Пезешкян, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон, Туркия президенти Режеп Таййип Эрдўғон; Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф, Қозоғистон Бош вазири Олжас Бектенов, Туркманистон ҳукумати раиси ўринбосари – Ташқи ишлар вазири Рашид Мередов, Афғонистон Бош вазири ўринбосари вазифасини бажарувчи Мулла Абдул Ғани Барадар, ИҲТ Бош котиби Асад Мажид Хон, шунингдек, бир қатор бошқа давлатлар ва минтақавий ташкилотлар делегациялари раҳбарлари иштирок этди.