Россия ТИВ чет элларда рус тилини тарғиб қилиш бўйича социологик сўров ўтказишга буюртма берди

impulse35.ru сайти фотосурати

Россия Ташқи ишлар вазирлиги Бутунроссия жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази (ВЦИОМ)га рус тилининг хориждаги тарғиботи бўйича социологик сўров ўтказишни буюрди. Сўров Ўзбекистон, Озарбайжон, Венесуэла, Ҳиндистон, Хитой ва БААда ўтказилади, деб ёзади «Ведомости».

ВЦИОМ бош директори Валерий Федоров нашрга унинг хизмати тендерда ғолиб чиққанини, бироқ ҳозирда вазирлик билан шартнома тафсилотлари келишиб олинаётганини таъкидлаган. Бундан ташқари, ушбу хизматнинг нархи маълум — 34,8 миллион рубль (445 минг доллар).

Буюртачи сифатида Россия Ташқи ишлар вазирлиги тадқиқот методологияси вариантларини кўриб чиқмоқда. Имкон даражада, дипломатик маҳкама барча мамлакатларда жамоатчилик фикрини ўрганиш учун битта усулни танлаши керак. Катта эҳтимол билан сўров онлайн режимда ўтказилади, ҳар бир мамлакатда камида 1500 респондент иштирок этади. Бундан ташқари, телефон суҳбати ёки шахсий суҳбат давомида яна 1000 га яқин одамдан ўз нуқтаи назарини билдириш сўралади.

ОАВ хабарларига кўра, тадқиқотнинг ўзи билан бир қаторда Марказ чет элда рус тилидан фойдаланиш кўрсаткичларини экспертизадан ўтказади ва юқорида қайд этилган мамлакатларда унинг жозибадорлигини ошириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқади. Қайд этилишича, экспертиза тилшунослик, халқаро муносабатлар, маданиятшунослик ва оммавий ахборот воситалари соҳаларидаги 10 нафар мутахассис томонидан олиб борилади. Бундай маълумотлар Ташқи ишлар вазирлигидаги социологик хизмат томонидан олинган техник топшириқда келтирилган. Иш якунлангач, Москвада ушбу мавзу бўйича давра суҳбати ташкил этиш режалаштирилган.

Ташқи ишлар вазирлиги, Таълим ва фан вазирлиги ва Россотрудничество чет элда рус тилини тарғиб қилиш билан шуғулланади. Хусусан, ўтган йили «Русский дом» ваколатхоналарида 14 мингга яқин хорижлик таҳсил олган. Умуман олганда, дунёнинг 71 давлатида 87 та шундай марказлар мавжуд. МДҲ мамлакатларига устуворлик берилади.

Россотрудничество статистик маълумотларига кўра, 2023 йили Қозоғистон 3606 та рус тилидаги мактаблар сони бўйича Марказий Осиёда етакчилик қилган. Ундан кейинги ўринни Ўзбекистон эгаллаган, бу ерда 1000 дан сал кўпроқ шундай таълим муассасалари, жумладан, аралаш мактаблар мавжуд. Кейинги ўринлар қуйидагича тақсимланди: Қирғизистон – 751, Тожикистон – 200 ва Туркманистон – 71.