Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов Транспорт ва коммуникациялар агентлигини тугатиб, учта янги вазирлик ташкил этиш ҳақида буйруқ берди. Бу ҳақда 11 июль куни бўлиб ўтган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган йиғилишида маълум қилинди, деб ёзади «Хроника Туркменистана» нашри.
Транспорт-коммуникация комплексини ислоҳ қилиш доирасида қуйидагилар тузилди:
✅ Темир йўл транспорти вазирлиги — Маммет Акмаммедов вазир этиб тайинланди;
✅ Алоқа вазирлиги, вазир — Хожимират Худайгулиев (синов муддати — 6 ой);
✅ Автомобил транспорти вазирлиги, вазир — Бегенч Аннадурдиев.
Шунингдек, иккита янги давлат хизматлари яратилди:
✅ Давлат хизмати Türkmenhowaýollary («Туркманистон ҳаво йўллари»), раис — Довран Сабуров;
✅ Денгиз ва дарё транспорти давлат хизмати, раис — Азат Шаназаров.
Бердимуҳамедов, шунингдек, Бош вазирнинг транспорт ва коммуникациялар мажмуаси бўйича ўринбосари лавозимини ҳам тузди, бу лавозим Мамметхон Чакиевга 6 ойлик синов муддати билан берилди. Чакиев ушбу тайинловга қадар Транспорт ва коммуникациялар агентлигини бошқарган.
Назар Агаханов Туркманистон савдо ва ташқи иқтисодий алоқалар вазири этиб тайинланди.
Türkmenhimiýa давлат концерни раиси Доврангелди Сапбаев жиддий камчиликлари учун эгаллаб турган лавозимидан озод этилди, Тангригули Атаев эса раис вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.
Ўша йиғилишда президент вилоятларда кадрлар ўзгаришини ҳам амалга оширди. У бирданига беш вилоятдан иккитасининг ҳокимини алмаштирди:
👉 Лебап вилояти ҳокими Мақсат Аннанепесов эгаллаб турган лавозимидан озод этилди, унинг ўрнини Сув хўжалиги давлат қўмитаси раҳбари лавозимида сақлаб қолган ҳолда Дурди Генжиев эгаллади;
👉 Мари вилоятини Бегенчмират Оразов ўрнига Довранберди Аннабердиев бошқаради.
Президент бир қанча этраплар (туман) ҳокимлари ва олий ўқув юртлари проректорларини алмаштирди.
Транспорт ва алоқа агентлиги тугатилишидан олдин Чакиев 2025 йилнинг биринчи ярмида эришилган муваффақиятлар ҳақида ҳисобот берди: бажарилган ишлар ва кўрсатилган хизматлар ҳажми режага нисбатан 115,7 фоизни ташкил этган. Шунингдек, у муайян йўналишлар ўсиши ва янги коммуникация технологияларининг жорий этилишини қайд этган. Бироқ, Turkmen.news ёзишича, расман юқори кўрсаткичларга қарамай, соҳадаги реал вазият идеалдан йироқ. Авиация ва темир йўлларда коррупция ва сифатсиз хизмат кўрсатиш билан боғлиқ муаммолар сақланиб қолмоқда, автомобил йўли қурилиши кечиктирилмоқда, ҳудудларда коммуникациялар қониқарсизлигича қолмоқда. Бу муаммоларнинг сабабларидан бири аввалги раҳбарият даврида яратилган мураккаб бошқарув тузилмасидадир.
Янги бошқарув тузилмасидан иш шаффофлиги таъминланиши ва раҳбарлар шахсий масъулияти оширилиши кутилмоқда. Бу алоҳида мансабдор шахслар таъсирини кучайтириши ва уларнинг фаолиятини назорат қилишга мойилроқ қилиши мумкин. Умуман олганда, ўзгаришлардан салбийдан кўра кўпроқ ижобий натижалар кутилмоқда.