Евроосиё барқарорлаштириш ва тараққиёт жамғармаси (ЕБТЖ) таҳлилчиларининг фикрича, яқин уч йилда Тожикистонга пул ўтказмалари оқими аста-секин камаяди. Хусусан, хориждаги меҳнат мигрантлари сонининг камайиши вазиятга таъсир қилади, дея хабар беради «Азия-Плюс» халқаро ташкилот мутахассислари ҳисоботига таяниб.
Мутахассисларнинг фикрича, Россияда ишлаётган тожикистонликлар яқин орада ушбу мамлакатда яшашини қонунийлаштиришда муаммоларга дуч келишади. Россия ҳукумати чет элликлар учун яшаш қоидаларини мунтазам равишда кучайтираётганлиги сабабли, кўпинча маълум бир муддатга қайта киришни тақиқлаш билан мамлакатдан чиқариб юбориш шаклидаги жазо чораларини жорий қилмоқда.
Бундай ҳолат Марказий Осиё республикасига ялпи ички маҳсулотнинг 2-3 фоизи миқдорида молиявий трансфертларнинг қисқаришига олиб келиши мумкин. Натижада, булар аҳоли фаровонлиги пасайишида намоён бўлади.
«Ташқи муҳитнинг ёмонлашуви шароитида мигрантларнинг пул ўтказмалари қисқариши ва товар экспортининг пасайиши билан боғлиқ тўлов баланси барқарорлиги учун юқори хавфлар сақланиб қолинмоқда», — дейилади ЕБТЖ ҳисоботида.
Жамғарма таҳлилчиларига кўра, жорий йили Тожикистонга ўтказмалар ҳажми 2024 йилда қайд этилган 44,7 миллиард сомонидан (4,6 миллиард доллар) 40 миллиардга (4,1 миллиард доллар) камайган. 2026 йили бу кўрсаткич 37 миллиардга (3,8 миллиард доллар), 2027 йили эса 35 миллиард сомонига (3,6 миллиард доллар) камаяди.
Шу билан бирга, миллий валютанинг АҚШ долларига нисбатан қадрсизланиши прогноз қилинмоқда. Агар бу йил экспертлар 1 доллар учун ўртача 10,2 сомонини кутаётган бўлса, келаси йили бу кўрсаткич 10,7, 2027 йили эса Америка валютаси бирлиги учун 11,3 сомонини ташкил қилади.
ОАВ таъкидлаганидек, Жаҳон банки маълумотларига кўра, 2024 йили Тожикистонга пул ўтказмалари оқими 5,8 миллиард долларни ташкил этган, бу илгарги йилдаги кўрсаткичдан 27 фоизга кўпдир. Бундан ташқари, меҳнат мигрантлари томонидан амалга оширилган операциялар мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 45 фоизидан ошади. Дарвоқе, мамлакатларнинг хориждан пул ўтказмаларига боғлиқлиги рейтингида Тожикистон ўзининг энг яқин таъқибчилари – Тонга, Никарагуа, Ливан, Самоа, Непал, Гондурас ва Қирғизистонни анча ортда қолдирган ҳолда жаҳон етакчиси ҳисобланади.