Афғонистонда россиялик этнограф Святослав Каверин ҳибсга олинди

Святослав Каверин Афғонистонда. Унинг Telegram-каналидаги фотосурат

Афғонистонда россиялик этнограф, журналист ва саёҳатчи Святослав Каверин қўлга олинди. Олим Қундуз шаҳрида ушлангани ҳақида 19 июль куни тушдан сўнг ўзининг SWAT SLAV Телеграм канали орқали маълум қилди.

Кавериннинг сўзларига кўра, бунга ўзи ёдгорлик сифатида олиб юрган заргарлик буюмларини «контрабанда қилишга урингани»га оид гумон сабаб бўлган.

«Мени гўё Қундузда заргарлик буюмларини «контрабанда» қилишга уринганим учун қўлга олишди, энди улар мени Кобулга, разведка хизматига олиб кетишяпти. У ерда масала сўроқ-савол ва заргарлик буюмларини расмийлаштириш билан чекланади, дея умид қиламан», — деб ёзади Каверин. Унинг сўзларига кўра, унга вақти-вақти билан смартфондан фойдаланишга рухсат беришади.

Олим каналидаги постдаги изоҳларда айтилишича, у охирги марта 18 июль куни соат 18:00 атрофида боғланган ва Кобулга 19 июль куни эрта тонгда етиб келиши керак бўлган, бироқ ўшандан бери маълумотлар янгиланмаган.

Россиянинг Афғонистондаги элчихонаси тадқиқотчининг ҳибсга олингани фактини тасдиқлади.

«Биз бундан хабардормиз ва бу масала устида ишлаяпмиз», — дея қисқача баёнот берган Кобулдаги дипломатик миссия матбуот хизмати РИА Новости агентлигига вазиятни шарҳлар экан.

Афғонистон расмийларидан ҳозирча расмий изоҳ берилмаган.

ℹ️ Святослав Каверин — рус этнологи ва Ҳиндукуш халқлари маданияти тадқиқотчиси, Шарқий Афғонистон ва Шимолий Покистон минтақалари бўйича мутахассис. Россия давлат гуманитар университетини тамомлаган, Москвадаги Палеотнологик тадқиқотлар марказида, шунингдек, Россия-Арманистон университети (Ереван) Шарқшунослик институтида ишлаган. У Москвадаги бир қатор этнографик кўргазмаларнинг куратори ва илмий маслаҳатчиси, жумладан:

👉 «Қоялар соясида: Афғонистоннинг тоғли халқлари» — Шарқ халқлари давлат музейида;

👉 «Ҳинди-Эрон чегараси: Шарқий Ҳиндукуш халқлари» — Россия Фанлар академияси Шарқшунослик институтининг Шарқий маданият марказида.

Каверин тадқиқотлари Ҳиндукушнинг бориш қийин бўлган ҳудудларига дала экспедицияларини ўз ичига олади, у ерда у кичик халқларнинг ўзига хос анъаналари, тили, либослари ва этник ўзига хослигини ўрганган.