Қирғизистон президенти Садир Жапаров янги Ер кодекси ва уни амалга ошириш тўғрисидаги қонунни имзолади. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
Ҳужжатнинг асосий бандлари қуйидагилардан иборат:
👉 мулкдорлар ҳуқуқларининг ҳимоя этилиши: давлат 1999 йилгача олинган ер участкаларига, шу жумладан дала ҳовли ва боғ ерларига эгалик ҳуқуқи сақланишини кафолатлайди. Бундай участкалар расман қўшни аҳоли пунктларига киритилади, бу эса рўйхатга олиш, нафақа олиш, шунингдек, болаларни мактаблар ва болалар боғчаларига жойлаштириш жараёнларини соддалаштиради;
👉 ягона кадастр ҳисобига ўтиш: эски ҳужжатлар ягона кадастр режасига мослаштирилиб, алмаштирилади;
👉 ерни олиб қўйишнинг аниқ тартиби:
▪️ объектларни жойлаштиришнинг муқобил вариантлари мавжуд бўлмаган тақдирдагина участкалар олиб қўйилиши мумкин;
▪️ қарор фақат суд орқали қабул қилинади;
▪️ компенсация ернинг бозор қийматини, биноларни ва мумкин бўлган йўқотишларни ўз ичига олади;
▪️ компенсация ер ҳақиқатан олиб қўйилгунга қадар тўланиши керак;
▪️ ер участкасининг бир қисми эмас, балки бутун қисми олиб қўйилиши мумкин;
▪️ агар ер участкаси гаровга қўйилган бўлса, кредит мажбуриятлари компенсация суммасидан қопланади ёки янги ер участкасига ўтказилади.
ℹ️ Ер кодекси Жогорку Кенеш (Қирғизистон парламенти) томонидан 13 февралда қабул қилинган, бироқ кенг жамоатчилик эътирози сабаб, Жапаров Конституцияга бир қатор номувофиқликларни кўрсатиб апрель ойида ҳужжатни қайта кўриб чиқиш учун қайтарган эди. Хусусан, қуйидаги қоидалар танқид остига олинганди:
▶️ маҳаллий давлат ҳокимияти органларига бериш бўйича мажбуриятларни бажармаганлик учун ер участкаларининг бир қисмини олиб қўйиш;
▶️ олиб қўйилган ер учун компенсация олиш бўйича чекловлар;
▶️ яйловларни хусусий мулкка бериш;
▶️ ер участкаларини аукционлар доирасидан ташқари хорижликларга бериш;
▶️ Уй-жой мулкдорлари 10 йилдан ортиқ вақт давомида бўлмаган тақдирда, ер участкаларини уй-жой мулкдорлари ширкатларига бепул бериш.
Жапаров ўшанда Қирғизистонда хусусий мулк дахлсиз экани, ерни олиб қўйиш фақат тўлиқ ва адолатли компенсация тўлови кафолати билан жоиз эканини таъкидлаганди.