Ўзбекистон олти ойда бошқа давлатлар билан 37 миллиард долларлик савдо қилди

e-cis.info сайти фотосурати

2025 йилнинг январь-июнь ойлари якунларига кўра, Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси (ТСА) 37,02 миллиард долларни ташкил этган. 2024 йилнинг шу даврига нисбатан бу кўрсаткич 5,1 миллиард долларга ёки 16,1 фоизга ўсган, дея хабар беради Миллий статистика қўмитаси.

Экспорт 29,1% йиллик ўсиш билан 16,89 миллиард долларга етган, импорт эса 7,0 фоизга ўсиш билан 20,13 миллиард долларни ташкил этган. Ташқи савдо баланси салбий қолган, лекин 2,5 миллиард долларга камайиб, минус 3,25 миллиард долларни ташкил этган.

Хитой Ўзбекистоннинг асосий савдо шериги бўлиб қолмоқда, унга ташқи савдо айланмасининг 17,7 фоизи ёки 6,56 миллиард доллар ҳиссасига тўғри келади. Иккинчи ўринда 6,03 миллиард доллар (16,3 фоиз) билан Россия, учинчи ўринда Қозоғистон (2,21 миллиард доллар), Туркия (1,34 миллиард доллар) ва Корея Республикаси (837 миллион доллар) жой олган.

Экспорт бўйича олтин асосий улушни эгаллайди — тахминан 6,6 миллиард доллар. Озиқ-овқат маҳсулотлари ва тирик ҳайвонлар (1,21 миллиард доллар), кимё маҳсулотлари (987 миллион доллар), минерал ёқилғи (734 миллион доллар) ва тайёр маҳсулотлар (698 миллион доллар) муҳим ўринларни эгаллаган.

Экспортда хизматлар бўйича ижобий динамика сақланиб қолмоқда: 2025 йилнинг январь-июнь ойларида ушбу сегментдаги экспорт ҳажми ўтган йилга нисбатан 29 фоизга кўп, 4,06 миллиард долларни ташкил этган. Уларнинг 51,8 фоизи туризм, 33,7 фоизи транспорт, 8,0 фоизи телекоммуникация ва компьютер хизматларига тўғри келади. Хизматлар экспортининг умумий улуши умум экспорт ҳажмининг 24 фоизини ташкил этади.

Мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти пул ифодасида 40,5 фоизга ошиб, 1,08 миллион тонна ҳажмда 847,3 миллион долларни ташкил этган. Энг кўп мевалар — 250,5 миллион долларга, шу жумладан гилос 71,9 миллион долларга, қуритилган узум 63,0 миллион долларга, шунингдек, ўрик, шафтоли ва бошқалар сотилган.

Шу билан бирга, тўқимачилик маҳсулотлари экспорти камайган — улар 1,27 миллиард долларни ташкил этган, бу 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 17 фоизга камдир. Ушбу туркумда аэкспортнинг сосий қисмини тайёр маҳсулотлар (47,8 фоиз) ва ип-калава (32,2 фоиз) ташкил этади.

Таҳлил қилинаётган даврда импорт ҳажми 20,13 миллиард АҚШ долларини ташкил этган. Энг катта улуш машина ва транспорт ускуналарига тўғри келади — 32,9%, саноат товарлари — 16,0% ва кимё маҳсулотлари — 12,9%. Шу билан бирга, хизматлар импорти 2,07 миллиард долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 30 фоизга ўсган. Импорт қилинадиган хизматлар асосини саёҳат (55,9%), транспорт (19,4%) ва АКТ хизматлари (9%) ташкил этади.

Импортнинг асосий қисми ҳамон Хитой, Россия, Қозоғистон, Корея Республикаси, Туркия, Германия ва Ҳиндистондан келтирилади. Бу давлатлар биргаликда импорт умум ҳажмининг учдан икки қисмидан кўпроғини таъминлайди.

  • Исроилнинг Эронга ҳужуми ядровий таҳдидни тинч ва куч ишлатиш йўли билан ҳал этиш сценарийларига таъсир қилгани ҳақида

  • Қирғизистон жанубида юзлаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлган миллатлараро можарога 15 йил тўлди

  • Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2026 йилги жаҳон чемпионатида иштирок этади

  • Қозоғистон газни қайта ишлаш заводи қурилиши юзасидан Ғарб инвесторлари билан очиқ можарога киришди