Қирғизистон ёзги электр энергияси истеъмоли бўйича рекорд ўрнатди

yandex.net сайти фотосурати

22 июль куни Қирғизистон ёзги кунлик электр энергияси истеъмоли бўйича рекорд ўрнатди ва у 44,124 миллион киловатт/соатни ташкил қилди. Бу ҳақда Қирғизистон миллий электр тармоғи АЖ (ҚМЭТ) маълум қилди, деб ёзади 24.kg.

Бу ёзги даврдаги кузатувлар тарихидаги энг юқори кўрсаткичдир. Таққослаш учун, 2024 йилнинг худди шу кунида кунлик истеъмол 36 миллион киловатт-соатга яқинни ташкил қилган.

Компания истеъмолнинг ўсишини бир неча омиллар билан изоҳлайди:

▪️ кондиционерлар ва бошқа совутиш ускуналаридан фаол фойдаланишга олиб келган аномал иссиқ ҳаво;

▪️ ҳар йили истеъмолчилар сонининг ўртача 30 минг янги абонентга кўпайиши;

▪️ янги объектлар, жумладан, кўп қаватли турар-жой бинолари ва саноат корхоналарини фойдаланишга топширилиши.

ҚМЭТнинг қайд этишича, юк ортишига қарамай, энергия тизими нормал ишлашда давом этмоқда. Ишончли электр таъминотини таъминлаш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. Шу билан бирга, компания барча истеъмолчиларни электр энергиясидан оқилона фойдаланишга чақиради.

«Фойдаланилмаётган маиший техникани ўз вақтида ўчириш ва электр энергиясидан эҳтиёткорлик билан фойдаланиш — энергия тизимининг барқарор ва узлуксиз ишлашига барчанинг қўшаётган ҳиссаси бўлади», — дея таъкидлайди ҚМЭТ.

👉 Аввалроқ қўшни Ўзбекистонда электр энергиясининг кунлик истеъмоли бўйича рекорд қайд этилган эди: бу ерда, 21 июль куни соат 17:00да энг юқори қувват 13,3 ГВтни ташкил этган – қишки максимал (12,5 ГВт) дан 0,8 ГВт юқори бўлган ва 2024 йил июль ойидаги кўрсаткичлардан (11,8 ГВт) сезиларли даражада ошиб кетган. Энг катта истеъмол ўсиши Тошкент шаҳрида қайд этилган, бу ерда суткалик истеъмол 32,4 миллион кВт/соатгача ошган – бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 33 фоизга кўпдир. Ўзбекистон пойтахтининг тўртта туманида – Чилонзор, Миробод, Яккасарой ва Яшнободда 24 июль куни ҳаттоки электр энергиясига лимит ҳам жорий қилинган. Бу ҳақда «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти матбуот хизмати маълум қилди ва бироз вақтдан сўнг ўз хабарини ўчириб ташлади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ