Қирғизистонда судланган шахсларнинг президентлик ва депутатликка номзодини илгари суриши тақиқланди

Қамчибек Ташиев (чапда) ва Садир Жапаров. kloop.kg сайти фотосурати

Қирғизистон президенти Садир Жапаров «Айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонунни имзолади, унга кўра судланган шахсларнинг республика раҳбари лавозимини эгаллаши ва Жогорку Кенеш (парламент) га депутат бўлиши, шунингдек, бир қатор муҳим давлат лавозимларини эгаллаши тақиқланади. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Янги қоида ҳозирда судланган, судлангани олиб ташланган ёки тугатилган, шунингдек жиноий иши реабилитация қилинмаган асосларда тугатилган судланган фуқароларга тегишли. Енгил жиноятлар, эҳтиётсизлик оқибатида содир этилган унча оғир бўлмаган қилмишлар, жабрланувчининг хусусий-оммавий айбловни қўллаб-қувватлашдан бош тортиши, шунингдек, республика жиноят қонунчилигига мувофиқ айбланувчи ва жабрланувчи ўртасида келишувга эришилган ҳолатлар бундан мустасно.

«Президент ва депутатлар сайлови тўғрисида», «Сайлов ва референдум ўтказувчи марказий комиссия тўғрисида», «Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида», «Миллий банк тўғрисида», «Ҳисоб палатаси тўғрисида»ги қонунларга судланган шахсларни тақиқловчи ўзгартишлар киритилиб, қуйидагилар тақиқланди:

▪️ президент ва парламент депутати лавозимига номзодини илгари суриши;

▪️ ҳукумат раиси, унинг аъзолари ва бошқа ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари лавозимларини эгаллаши;

▪️ Марказий сайлов комиссияси аъзоси этиб тайинланиши;

▪️ Миллий банк раиси, унинг ўринбосарлари ва бошқаруви аъзолари этиб тайинланиши;

▪️ Ҳисоб палатаси аудитори лавозимини эгаллаши.

Ўзгартиришлардан асосий мақсад фуқароларнинг давлат институтларига ишончини ошириш, алоҳида мақомга эга бўлган раҳбарлар, депутатлар, ҳукумат аъзолари ва давлат ҳокимияти органлари вакилларининг бенуқсон обрў-эътиборини шакллантиришдан иборат.

Бундан ташқари, янги қоидаларга кўра, дин арбоблари диний фаолиятини тўхтатганидан сўнг беш йил давомида президентлик ва парламент сайловларида қатнаша олмайди.

Қонун расмий эълон қилинган кундан ўн кун ўтгач (28 июль) кучга киради.

ℹ️ Қонун ташаббускори — Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раҳбари Қамчибек Ташиев. Қонун лойиҳасининг асосланиш баённомасида айтилишича, у «ўтмишдаги ноқонуний хатти-ҳаракатлари, судланганлиги олиб ташлангани ёки тугатилганидан қатъи назар, уларнинг бенуқсон обрў-эътиборига, фақат давлат ва фуқаролар манфаатларини кўзлаб иш юритиш қобилиятига шубҳа туғдириши мумкин бўлган шахсларнинг давлат раҳбариятига киришининг олдини олишга» қаратилган.

Эслатиб ўтамиз, Қамчибек Ташиевнинг ўзи ҳам, амалдаги президент Садир Жапаров ҳам бир неча бор судланган.

▶️ Таниқли сиёсатшунос ва Марказий Осиё бўйича эксперт Аркадий Дубнов фикрича, Қирғизистоннинг ҳозирги шароитда бундай қонунни қабул қилишга ҳаққи йўқ.

«Маълумки, республикада суд-ҳуқуқ тизими сўнгги ўн йилликларда ниҳоятда сиёсийлашган. Марказда ҳам, жойларда ҳам суд қарорлари амалдаги ҳокимият вакиллари фойдасига чиқарилган. Натижада, айрим кишилар, айбсиз айбдор бўлиб қолишган. Кейинчалик бундай суд қарорларининг кўпчилиги ёпилган, баъзи ҳолларда суд қарорлари асоссизлиги туфайли бекор қилинган. Бироқ, янги қабул қилинган қонун туфайли бу каби судланганлик тарихига эга шахслар ижро этувчи ва қонун чиқарувчи ҳокимият органларига сайланиш ҳуқуқидан маҳрум бўладилар», — дейди Дубнов.

  • Исроилнинг Эронга ҳужуми ядровий таҳдидни тинч ва куч ишлатиш йўли билан ҳал этиш сценарийларига таъсир қилгани ҳақида

  • Қирғизистон жанубида юзлаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлган миллатлараро можарога 15 йил тўлди

  • Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2026 йилги жаҳон чемпионатида иштирок этади

  • Қозоғистон газни қайта ишлаш заводи қурилиши юзасидан Ғарб инвесторлари билан очиқ можарога киришди