Афғонистонни бошқараётган «Толибон»* ҳаракати Афғонистон участкасида 2021 йили ҳокимият ўзгариши сабабли тўхтаб қолган юқори вольтли CASA-1000 электр узатиш линияси қурилишини қайта бошлади. Бу ҳақда Тожикистон Энергетика ва сув ресурслари вазирлигига таяниб, «Азия-плюс» хабар берди.
Донорлар ва пудратчилар билан боғлиқ барча масалалар ҳал бўлган, ушбу трансчегаравий электр узатиш линиясининг Афғонистон участкасидаги қурилишни 2026 йил охири — 2027 йил бошида якунлаш режалаштирилган. Афғонистонга барча зарур қурилиш материаллари ва ускуналари етказиб берилган, дея қўшимча қилади вазирлик.
Da Afghanistan Breshna Sherkat (DABS) маълумотларига кўра, лойиҳанинг Афғонистон сегменти умумий қиймати 260 миллион долларни ташкил этади, шундан 160 миллион доллари ўзлаштирилган. Лойиҳа Жаҳон банки томонидан молиялаштирилади. CASA-1000 линияси ишга туширилгандан сўнг Афғонистон ҳар йили транзит тўловлари учун тахминан 50 миллион доллар олиши кутилмоқда.
ℹ️ CASA-1000 — халқаро электр таъминоти лойиҳаси бўлиб, Қирғизистон ва Тожикистондан ортиқча электр энергиясини ёзда Жанубий Осиё мамлакатлари — Афғонистон ва Покистонга экспорт қилиш учун мўлжалланган.
Лойиҳа 1387 километр узунликдаги электр узатиш линияси ва 1300 мегаватт қувватга эга иккита конвертор станциясини қуришни назарда тутади. Афғонистон бўлими энг узун: 575 километр. Қурилишнинг умумий бюджети тахминан 1,2 миллиард долларга баҳоланади, шундан Тожикистон улуши қарийб 344 миллион доллар, Қирғизистонники эса 200 миллион долларга яқин.
Биргина бу икки республиканинг CASA-1000 орқали электр энергияси экспортидан тушадиган даромади йилига 250 миллион доллардан ошиши кутилмоқда.
CASA-1000 лойиҳаси 2016 йил баҳорида иштирокчи мамлакатлар давлат раҳбарлари иштирокида расман ишга туширилган эди. Тожикистон ва Қирғизистонда CASA-1000 электр узатиш линияси участкаларида ишлар аллақачон якунланган – жорий йил март ойида мамлакатлар ўз энергетика тизимларини бирлаштириб, Тожикистоннинг «Суғд-500» подстанциясидан Қирғизистоннинг «Датка» подстанциясига 500 кВ электр узатиш линиясини ишга туширган. Покистон участкасининг қурилиши якуний босқичда, у 2025 йил учинчи чорагида тўлиқ ишга тушади.Томонлар белгиланган муддатларни бажарса, лойиҳа 2027 йил бошида фойдаланишга топширилади.
*Ташкилот бир қатор мамлакатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган.