Қозоғистонда дезинформацияга қарши курашиш маркази иш бошлади. У Президент ҳузуридаги Марказий коммуникациялар хизмати тузилмасида фаолият юритади, дея хабар беради КазИнформ.
Марказ сохта маълумотларни аниқлаш ва рад этиш, фуқароларни муҳим мавзулар бўйича холис ва тасдиқланган маълумотлар билан таъминлаш, ахборотдан фойдаланиш маданиятини шакллантиришга хизмат қилади.
Унинг ходимлари давлат идоралари, экспертлар ва журналистлар билан биргаликда сохта маълумотлар, манипуляция ҳолатлари ҳақида мунтазам равишда шарҳлар эълон қилади ва резонансли ахборот мавзулари бўйича тушунтиришлар беради, дейилади хабарда.
Қозоғистон ҳукумати сўнгги йилларда фейклар тарқалишига қарши фаол кураш олиб бормоқда. Шу мақсадда Ахборот ва ижтимоий ривожланиш вазирлиги кўмагида stopfake.kz сайти яратилди, унда инкор этилган маълумотлар тезкорлик билан эълон қилинади.
Республикада давлат билан боғлиқ бўлмаган бошқа лойиҳалар ҳам мавжуд, масалан, етти йилдан ортиқ фаолият юритиб келаётган MediaNet халқаро журналистика марказининг ташаббускори Factcheck.kz ҳисобланади. Бу Марказий Осиёдаги биринчи профессионал фактларни текширувчи ресурсдир.