Ўзбекистон Транспорт вазирлиги Тошкент вилоятида янги аэропорт қуришни режалаштирмоқда. 2030 йилга бориб мамлакат пойтахти орқали йўловчи ташиш ҳажми 15 миллион кишига етиши кутилмоқда. Лекин бунга ҳозирги аэропортнинг қуввати етмайди. Шаҳар ичида жойлашгани сабабли уни кенгайтириш имкони ҳам йўқ. Республика Президенти Шавкат Мирзиёевга тақдим этилган транспорт соҳасидаги лойиҳалар тақдимотида шу ҳақда сўз юритилди, деб хабар беради унинг матбуот хизмати.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, айни пайтда хусусий шериклик механизмига асосланган йирик лойиҳани амалга ошириш бўйича хорижий компанияларнинг таклифлари кўриб чиқилмоқда.
Мамлакат Транспорт вазири Илҳом Махкамов «Ўзбекистон 24» телеканали журналистларига янги аэропорт қурилишининг айрим тафсилотларини маълум қилди. Унга кўра, пойтахтга хизмат кўрсатувчи янги ҳаво бандаргоҳи мавжуд халқаро аэропортдан 17 километр узоқликда – Тошкент ва Самарқандни боғловчи автомобил йўлидан унча узоқ бўлмаган жойда ва ушбу шаҳарлар орасидаги бўлажак автомагистрал йўналишида жойлашади.
«Яъни, ушбу участкада транспорт-логистика инфратузилмаси мавжуд», — дея аниқлик киритади Транспорт вазирлиги раҳбари.
Вазирликнинг таъкидлашича, янги аэропорт 2030 йилгача фойдаланишга топширилиши керак. Чунки жараённи 10 йилга кечиктириш салбий оқибатларга олиб келади: мамлакат ялпи ички маҳсулотига нисбатан 8,6 миллиард доллар йўқотиши ва Марказий Осиёдаги авиация хабига айланиш имкониятидан маҳрум бўлиши мумкин.
Uzbekistan Airports компанияси бошқаруви раиси Жавлонбек Умархўжаев, ўз навбатида, бугунги кунда Тошкент халқаро аэропорти йилига 17 та учиш ва қўниш қувватига эга экани, йилига 11 миллион йўловчига хизмат кўрсатиш имкониятига эга эканини, бир вақтнинг ўзида перронда 70 тагача самолёт бўлиши мумкинлигини тушунтирди.
Портнинг яна бир камчилиги шундаки, у пойтахт марказида жойлашган. Бу транспорт тирбандлигини, шунингдек, шаҳарнинг зич ривожланишини ҳисобга олган ҳолда самолётларни бошқаришда қўшимча қийинчиликларни келтириб чиқаради.
Умархўжаевнинг сўзларига кўра, биринчи босқичда янги аэропорт йилига 20 миллионгача йўловчига хизмат кўрсатади. Бир вақтнинг ўзида 169 та самолётни жойлаштириш билан соатига 40 дан ортиқ парвоз ва қўниш қувватига эга бўлади.
Аэропортларни бошқарувчи компания вакилининг қўшимча қилишича, Ўзбекистон Президенти Тошкент вилоятида янги ҳаво бандаргоҳи қурилишини маъқуллаган. Шу билан бирга, ҳукуматнинг иқтисодий блоки мутасаддиларига мазкур лойиҳанинг молиявий томонини ўрганиш топширилган.