Ўзбекистонда хорижий депортация марказларидан фуқароларни қайтариш бўйича кампания бошланди

basseylaw.com сайти фотосурати

Ўзбекистон ҳукумати ҳузуридаги Миграция агентлиги томонидан «Ватанга қайтариш» хайрия акцияси йўлга қўйилди, унинг доирасида мутасаддилар хориждаги депортация марказларида сақланаётган ватандошларнинг ватанга қайтишларига ёрдам беради. 30 июль куни бошланган тадбир 30 августга қадар давом этади, дея аниқлик киритади агентлик матбуот хизмати.

Бу жараёнда Республика Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари фаол иштирок этмоқда. Маълумки, 7 августга қадар элчихоналар ва консулликлар депортация марказларида бўлган ватандошлар рўйхатини тузадилар. Кейин, 15 августга қадар яна бир рўйхат тузилади, унда кўрсатилган шахсий маълумотлар етарли эмаслиги сабабли қўшимча ҳужжатлар тайёрланиши лозим бўлган мигрантлар ҳисобга олинади.

Миграция агентлиги ўз навбатида рўйхатларни қабул қилиб, 1-3 иш куни ичида реестрда белгиланган ўзбекистонликларга авиачипталарни сотиб олади.

Қолаверса, фуқаро бевосита агентликка мурожаат қилса, мутасаддилар бир неча соат ичида у билан боғланиб, ҳужжатларни масофадан туриб қабул қилади. Аризани кўриб чиқиш учун бир кун ва уйга чипта сотиб олиш учун яна икки кун ажратилади.

Шунингдек, маҳаллий ҳокимликлар (шаҳар ва туман ҳокимликлари), Бандлик вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар масалалари қўмиталари томонидан ўз ватанига қайтган фуқароларнинг психологик, ижтимоий ва иқтисодий мослашуви бўйича ишлар олиб борилиши белгиланган.

Агентлик матбуот хизматининг таъкидлашича, «Ватанга қайтариш» акцияси биринчи навбатда қуйидаги давлатларнинг депортация марказларида сақланаётган аёллар ва болаларни қамраб олади:

✅ Туркия;

✅ Россия;

✅ Қозоғистон;

✅ БАА;

✅ Саудия Арабистони;

✅ Ҳиндистон;

✅ АҚШ;

✅ Жанубий Корея.