Ўтган йил кузида бутун Қозоғистонни ларзага солган қотиллик қурбони ўсмир Шерзат Пўлат (Болат)нинг амакиси Нурканат Ғайипбаевнинг ўлими бўйича жиноий иш тўхтатилди. Бу ҳақда оиланинг адвокати Меирман Шекеев Instagram (РФда экстремистик деб тан олинган ва тақиқланган Meta корпорациясига тегишли тармоқ) даги саҳифасида маълум қилди.
Аввали полиция томонидан илгари сурилган дастлабки версияга кўра, Ғайипбаев ўз жонига қасд қилган. Бироқ, Шекеев ишни тиклаш учун ариза бериш ниятида эканини айтган.
Ғайипбаевнинг жасади жияни ўлимидан икки ой ўтиб Талгар (Олмаота вилоятидаги шаҳар) чеккасида топилган. Ўшанда Шерзат Пўлатнинг оиласи қўриқ остида бўлган, бироқ милиция Ғайипбаев қўриқланадиган муассасани соат 23:30да ўз машинасида тарк этганини маълум қилган. Маҳаллий ОАВнинг хабар беришича, у ўз жонига қасд қилиш ниятида эканига оид тилхат қолдириб, гўёки жияни ёнига дафн қилишларини сўраган.
Шерзат Пўлат 4 октябрга ўтар кечаси оиласига қарашли озиқ-овқат дўкони ёнида ўлдирилган эди. Қариндошларининг сўзларига кўра, жанжал бир банка пиво учун бошланган, харидорлардан бири пул тўлашдан бош тортган. Шерзат ва унинг амакиси ўша кечаси дўкон пештахтаси ортида турган ўсмирнинг отаси Қаржаубай Нуримовни ҳимоя қилишган. Мижоз дўстларини дўконга чақирган, улар ўсмир ва унинг амакисини калтаклашган, Шерзат пичоқ зарбасидан ҳалок бўлган.
12 октябрь, шанбага ўтар кечаси номаълум шахслар Шерзат оиласининг уйига ўт қўйишган, натижада уй ёниб кетган. Ҳеч ким жабрланмаган. Марҳумнинг қариндошлари ҳимояга олинган, Миллий гвардия ходимлари Талгарда патруллик қила бошлаган.
Маҳаллий аҳолининг таъкидлашича, жиноятга Ички ишлар вазирлиги томонидан инкор этиб келинган «Хуторские» уюшган жиноий гуруҳ аъзолари алоқадор бўлиши мумкин. Ўсмирнинг ўлдирилиши бўйича жами 11 нафар гумонланувчи қўлга олинган, улардан 9 нафари судланган. Улар 23 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинган, бироқ уларнинг барчаси ҳукм устидан апелляция шикояти берган. 18 август куни Олмаота вилоят судида ушбу иш бўйича апелляция муҳокамаси бўлиб ўтади.