Ўзбекистон ҳудудида жисмоний ва юридик шахслар томонидан боқилаётган барча ҳайвонлари мажбурий рўйхатга олинади. Бундай талаблар 6 августда қабул қилинган «Ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш тўғрисида»ги қонунда кўзда тутилган, деб хабар беради Адлия вазирлиги матбуот хизмати.
Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси мазкур соҳада ваколатли давлат органи этиб белгиланди.
Қонунда ҳайвонларни идентификация қилиш ва рўйхатга олишнинг қуйидаги муддатлари белгиланган:
▪️ қорамол, қўй, эчки ва туялар туғилгандан кейин 14 кундан кечиктирмай идентификация қилиниши керак;
▪️ отлар — 4 ойдан кечиктирмай;
▪️ чўчқалар — 1 ойдан кечиктирмай;
▪️ итлар ва мушуклар — 3 ойдан кечиктирмай.
Агар эгаси кўрсатилган муддатда бу вазифани бажаролмаса, яна 1 ой ичида рўйхатдан ўтказиш имконияти сақланиб қолади.
Сақлаш ёки кўпайтириш мақсадида Ўзбекистонга олиб кириладиган ҳайвонлар олиб кирилган санадан эътиборан 21 кундан кечиктирмай идентификация қилиниши лозим.
Адлия вазирлиги қонун қачон кучга киришига аниқлик киритмаган. Ҳужжат матни очиқ манбада мавжуд эмас.
ℹ️ 2017 йили Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва Давлат ветеринария қўмитасига уй ҳайвонларини босқичма-босқич идентификация қилишни ташкил этиш ва идентификация қилинган ҳайвонларнинг умумий маълумотлар базасини шакллантириш бўйича ягона электрон ахборот тизимини яратиш топширилган эди.
Идентификация қуйидагиларни ўз ичига олади:
👉 ҳайвонларга индивидуал рақам бериш;
👉 электрон ахборот тизимига ҳайвонларни идентификация қилиш тўғрисидаги маълумотларни киритиш;
👉 ветеринария паспортини бериш.
Индивидуал рақамлар ҳайвонларнинг турларига қараб қуйидаги йўллар билан берилади:
а) биркалаш усули — бу усул қорамол, қўй ва эчкилар, туялар, чўчқаларнинг қулоғига биркаларни тақиш орқали амалга оширилади ва у ҳайвонларнинг яшаш даври давомида олинмайди;
б) тавро босиш (тамғалаш) усули — бу усул от ва эшакларга нисбатан қўлланилади, яъни, от ва эшакларнинг танасининг чап томони курак соҳасига суюқ азот ёрдамида республика, вилоят тартиб коди ва бел соҳасига индивидуал рақами қўйилади. Бунда тавро (тамға) ўлчамининг баландлиги 50 мм, эни 30 мм бўлиши лозим;
в) чип ўрнатиш (электрон идентификация) усули — бу усул от, ит ва мушукларга қўлланилиши мумкин.
Ҳайвонлар эгаси алмашганда, шунингдек, бир ҳудуддан бошқа ҳудудга кўчирилганда идентификация рақамини сақловчи атрибут алмаштирилмайди ва бу бўйича электрон ахборот тизими ҳамда ветеринария паспортига тегишли ўзгартиришлар киритилади.