Nature: Ўзбекистонга оид маълумотлардаги хатолар глобал иқтисодиётнинг иқлимдан зарар кўриши прогнозларини бузиб кўрсатган

soupstock.in сайти фотосурати

Ўзбекистонга оид маълумотлардаги хатолар глобал иқтисодиётнинг иқлим ўзгаришидан йўқотишлари прогнозини сезиларли даражада ошириб юборган. 6 август куни Nature журналида чоп этилган шарҳда Стенфорд университети тадқиқотчилари мана шундай ҳулосага келишди, деб ёзади The Washington Post.

Шарҳ бир йил олдин нашр этилган резонансли илмий мақолани кўриб чиқиш натижаси бўлиб, унда иқлим ўзгариши туфайли дунё ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) 2050 йилга бориб 19 фоизга, 2100 йилга келиб эса 62 фоизга камайиши айтилган. Бу кўрсаткичлар олдинги ҳисоб-китоблардан уч баравар юқори бўлган, бу эса кенг резонансга сабаб бўлган. Тадқиқот маълумотларидан иборат мақола катта шов-шувга сабаб бўлди, 2024 йили у ОАВда энг кўп тилга олинган материал сифатида иккинчи ўринни эгаллади ва маълумотлар Жаҳон банки, АҚШ ҳукумати ва бошқа ташкилотлар томонидан стратегик режалаштиришда фойдаланилган.

Бироқ, Стенфордда аниқлашларича, бундай катта йўқотишлар бир давлат: Ўзбекистон бўйича маълумотлардаги хатолар натижаси бўлган.

Стенфорд университетининг Глобал сиёсат лабораторияси директори ва шарҳ муаллифларидан бири Соломон Сяннинг (Solomon Hsiang) айтишича, у ва икки аспирант хатони маълумотлар тўпламидан бир мамлакатни олиб ташлаш орқали аниқлаган. Улар олиб ташлаган ҳар бир кейинги мамлакат ЯИМ прогнозларига озгина таъсир кўрсатган. Аммо Ўзбекистон маълумотлари ўчирилгач, натижалар кескин ўзгарган: ялпи ички маҳсулотнинг 2100 йилга бориб прогноз қилинаётган пасайиши 62 фоиздан 23 фоизга, 2050 йилга келиб эса 19 фоиздан 6 фоизга қисқарган.

Кейин олимлар Ўзбекистон бўйича маълумотларни атрофлича ўрганганлар. Дастлабки тадқиқотга кўра, мамлакат ялпи ички маҳсулоти 2000 йили деярли 90 фоизга кескин пасайган бўлса, 2010 йили баъзи ҳудудларда у 90 фоиздан ортиқ ўсишни кўрсатган. Бошқа йилларда ҳам кескин тебранишлар кузатилган. Бироқ Жаҳон банки маълумотларига кўра, Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиш суръати сўнгги 40 йил ичида нисбатан барқарор бўлиб, 0,2 фоизлик пасайишдан 7,7 фоизгача ўсишга эришган.

Дастлабки моделдаги аномал тебранишлар натижаларга ҳаддан ташқари таъсир кўрсатган, чунки у ҳарорат ва ёғингарчиликлар ўзгаришини иқтисодий ўсиш билан боғлаган. Натижада, модел иқлим ўзгаришининг ЯИМга ҳалокатли таъсирини кўрсатган.

Соломон Сян бу хулосаларни кутилмаган, деб атаган: «Агар сизда жуда кўп маълумотлар мавжуд бўлса, кичик бир мамлакат натижага шунчалик таъсир қилиши мумкинлигини тасаввур қилиш қийин». У маълумотлар ва натижаларни диққат билан текшириш муҳимлигини таъкидлаган.

Потсдам иқлим таъсирини ўрганиш институтининг (PIK, Германия) оригинал иш муаллифлари Ўзбекистон бўйича маълумотларда хатолик борлигини тан олган. Улар хатолик асл маълумотни қайта ишлаш билан боғлиқ муаммолар туфайли юзага келганини тушунтириб, муқобил таҳлил ўтказишган. Қайта кўриб чиқилган моделда 2050 йилга келиб глобал ЯИМга бериладиган зарар 19% ўрнига 17% ни ташкил этган. Тадқиқот муаллифлари «ишнинг асосий ҳулосалари ўз кучини сақлаб қолишини ва ҳисоб-китоблардаги ўзгаришлар унчалик катта эмаслигини» таъкидлаганлар.

Айни пайтда, танқидчилар методологиядаги ўзгаришлар дастлабки натижаларга шубҳа туғдиришини таъкидлашмоқда.

«Илм-фан керакли натижага эришиш учун эксперимент шартларини ўзгартириш тамойили асосида ишламайди. Бундай ёндашув илмий услубга зиддир», — дея таъкидлайди Соломон Сян.

Nature журнали тадқиқотни кўриб чиққандан сўнг «тегишли таҳририй чораларни» кўради.