Қозоғистон бошқа давлатларга AZAL самолётига етказилган шикаст моҳиятини аниқлаштиришга оид сўровлар юборди

AZAL самолёти қулаган жойда. Қозоғистон ФВВ матбуот хизмати фотосурати

Azerbaijan Airlines (AZAL) самолётининг Актау аэропорти яқинида ҳалокатга учрашини текшираётган Қозоғистон комиссияси бошқа давлатларга самолётга етказилган шикаст моҳиятини аниқлаштириш бўйича сўровлар юборди. Бу ҳақда Қозоғистон Бош вазири ўринбосари Канат Бозумбаев матбуот анжуманида маълум қилди, дея хабар беради ТАСС.

«AZAL билан боғлиқ ягона савол — мен буни сиёсийлаштирмоқчи эмасман — унинг қандай шикастлангани масаласи. Бу саволларга ҳуқуқ-тартибот идоралари ўтказаётган портлаш техникаси экспертизаси жавоб бериши керак.

Билишимча, улар ҳалокатга учраган самолёт фюзеляжидан топилган турли элементларга ўхшаш, айтайлик, зарар етказа оладиган қуролларга эга бошқа давлатларга сўровлар юборишган», — деди Бозумбаев ҳалокат бўйича тергов жараёни ҳақидаги саволга жавоб берар экан.

Эслатиб ўтамиз, авиаҳалокат 25 декабрь куни содир бўлган. Бокудан Грознийга учаётган бўлган Azerbaijan Airlines авиакомпаниясининг Лайнер Embraer 190 самолёти Чеченистон пойтахтига қўна олмагани хабар қилинганди. Самолёт орқага бурилиб, ҳалокат сигналини бериб, Қозоғистоннинг Ақтау шаҳрига учиб кетган. Самолёт аэропортдан 3 км узоқликда қулаган. Оқибатда бортдаги 67 кишидан 38 нафари ҳалок бўлган. Улар орасида Озарбайжон, Қозоғистон ва Россия фуқаролари бўлган.

Ҳалокат сабабларини ўрганиш учун Қозоғистон Транспорт вазирлиги қошида комиссия тузилди. Текширувга Озарбайжон, Россия ва Embraer самолётини ишлаб чиқарувчи мутахассислар жалб қилинган

2025 йил февралида Қозоғистон Транспорт вазирлиги терговнинг бориши ҳақида дастлабки ҳисоботни эълон қилди. Ҳужжатда ҳалокат сабаблари ҳақида аниқ хулосалар келтирилмаган. Хабарда самолёт корпусида тешиклар, шунингдек, кейинчалик экспертизага юборилган бегона металл буюмлар топилгани ҳақида маълумот берилган.