Тожикистон ҳукумати давлат тўнтариши иши бўйича айбланиб, 8 йилга озодликдан маҳрум этилган журналист Рухшона Ҳакимованинг банк ҳисобидаги маблағларини мусодара қилди. Бу пул давлат ҳисобига ўтказилди, дея «Азия-Плюс» нашри Республика Олий суди раисининг биринчи ўринбосари Шавкат Лутфуллозода сўзларидан келтиради.
Бироқ, олий суд органи вакили қандай сумма ҳақида гап кетаётганига аниқлик киритмаган. Унинг қўшимча қилишича, шов-шувли иш бўйича ҳибсга олинган шахслар мол-мулкининг ҳаммаси ҳам мусодара қилинмаган.
«Маҳкумларнинг ҳибсга олинган мол-мулкини фақат бир қисми мусодара қилинди, қолган қисми қариндошларига қайтарилди», — дея хулоса қилган Лутфуллозода.
«Азия-Плюс» хабарига кўра, бундан аввал Ҳакимованинг қариндошлари расмийлар журналист ҳисобидан 230 минг сомони (25 минг долларга яқин) ечиб олганидан шикоят қилишган. Қолаверса, яқинларининг сўзларига кўра, аёл квартира сотиб олиш учун пул йиғиб, омонатини битта банкда сақлаган.
ℹ️ 2024 йили Тожикистонда ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаб олишга уринганликда гумон қилинган сиёсатчилар ва собиқ разведкачиларни ҳибсга олиш амалиёти ўтказилди. Суд жараёни ноябрь ойида Душанбедаги тергов ҳибсхонасида бўлиб ўтганди.
Жорий йилнинг 5 февраль куни суд ҳукми эълон қилинди, унга кўра иш бўйича барча айбланувчилар айбдор деб топилиб, уларнинг аксарияти узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилди.
Журналист Рухшона Ҳакимова 8 йилга озодликдан маҳрум этилди, у давлатга хиёнатда айбдор деб топилди. Ҳукм чиқарилишига қадар у икки ёш боласи борлиги сабабли озодликда бўлган. Ҳукм эълон қилингач, аёл суд залида ҳибсга олинган.
Тожикистон матбуотининг аниқлик киритишича, Ҳакимованинг иши унинг «Хитойнинг Тожикистондаги таъсири» мавзусидаги сўрови билан боғлиқ бўлиб, унда судланганлардан Саиджафар Усмонзода ва журналистнинг амакиси Шокиржон Ҳакимов иштирок этган. Дарвоқе, улар мос равишда 27 ва 18 йилга озодликдан маҳрум этилган.
Март ойида бир гуруҳ тожикистонлик аёллар республика президенти Эмомали Раҳмонга очиқ хат ёзиб, ундан Ҳакимова жазосини енгиллаштиришини сўраган.
Давлат раҳбарига мурожаат қилганлар журналист аёлнинг уйда икки қизи борлиги, улардан бири эмизикли эканидан хавотир билдиришган. Бироқ, расмийлар бу мурожаатга жавоб бермаган.