Қорақалпоғистонлик (Ўзбекистон таркибидаги суверен республика) собиқ сиёсий маҳбус, журналист ва ҳуқуқ фаоли Солижон Абдураҳмонов 76 ёшида Берлинда вафот этди.
Журналист Шоҳрух Соиповга кўра, Абдураҳмонов 26 июль куни вафот этган. Расмий ўлим гувоҳномасида у матрасда ёнбошлаб ётган, боши ёстиққа қўйилган, танаси эса кўрпа билан ўралган ҳолда топилгани қайд этилган. Зўравонлик белгилари йўқ ва ўлим сабаби ички (табиий) омиллар бўлган. Ҳуқуқ ҳимоячиси Ўзбекистонда дафн этилган.
ℹ️ Солижон Абдураҳмонов 1950 йил 28 майда таваллуд топган. Журналист сифатида узоқ вақт хорижий ОАВ билан ҳамкорлик қилган. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Қорақалпоғистон қўмитаси ходими бўлиб, фермер ва тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилган, болалар меҳнати, Оролбўйи аҳолиси муаммолари, таълим тизими ва бошқа долзарб ижтимоий масалаларни кўтарган.
2008 йил июнь ойида Абдураҳмонов Нукусда катта миқдорда гиёҳванд моддаларни сақлаш ва тарқатиш билан боғлиқ сохта айблов билан ҳибсга олинган. Ҳуқуқ ҳимоячиси айбловларни қатъиян рад этиб, гиёҳванд моддалар унинг машинасига ташлаб қўйилганини таъкидлаган. Ўша йилнинг октябрь ойида у 10 йилга озодликдан маҳрум қилинган.
Қамоқхонада Абдураҳмонов соғлиғи ёмонлашган, Қашқадарёдаги колониядан Тошкентдаги «Сангород» деб номланган қамоқхона шифохонасига бир неча бор юборилган. Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Абдураҳмоновни виждон маҳкуми деб ҳисоблаб, Ўзбекистон расмийларини унга қўйилган барча айбловларни олиб ташлашга ва уни қамоқдан озод қилишга чақирган.
Журналистнинг пенсия ёшига етгани Ўзбекистонда эълон қилинган йиллик амнистияга тўғри келган, зеро унга кўра 60 ёшдан ошган маҳбуслар озодликка чиқарилган. Бироқ, ҳар гал у жазони ўтаётган Қашқадарё вилоятидаги колония маъмурияти Абдураҳмонов қилмаган «нотўғри қилмишлар»ни унга боғлаб, амнистия рўйхатига киритмаган.
Абдураҳмонов 2017 йил октабрида — Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда ҳокимият тепасига келганидан сўнг озод этилган. Озодликка чиққанидан сўнг у реабилитацияга эришиш учун ҳуқуқни ҳимоя қилиш фаолиятини давом эттирган. Аммо бир мунча вақт ўтгач, у мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган ва Германияга кўчиб ўтган.
«Фарғона» таҳририяти Солижон Абдураҳмоновнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради.