Путин Мирзиёев ва Тўқаевга АҚШ президентининг махсус вакили билан бўлиб ўтган учрашуви якунларини гапириб берди

Владимир Путин ва Стивен Уиткофф. kremlin.ru сайти фотосурати

Россия президенти Владимир Путин 8 август куни Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари Шавкат Мирзиёев ва Қосим-Жомарт Тўқаев билан телефон орқали мулоқот қилди. Суҳбат чоғида у ўз ҳамкасбларини 6 август куни Кремлда АҚШ президентининг махсус вакили Стивен Уиткофф билан бўлиб ўтган учрашуви якунлари ҳақида маълум қилди, дея хабар беради Кремль матбуот хизмати.

Шавкат Мирзиёев тақдим этилган маълумотлар учун миннатдорчилик билдирган ва «Украина инқирозини ҳал қилишнинг сиёсий ва дипломатик йўлларини топишга қаратилган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашини билдирди», — дейилади матбуот хизмати хабарида. Президентлар икки томонлама ҳамкорлик масалаларини ҳам муҳокама қилганлар.

«Ўзаро товар айирбошлаш ва инвестиция кўрсаткичларининг ўсиш суръатини таъминлаш, иқтисодиётнинг устувор тармоқларида кооперация лойиҳаларини жадаллаштириш, ҳудудлар даражасида сермаҳсул алоқалар, ишбилармонлик ва гуманитар алмашинувларни давом эттиришга қаратилган мувофиқлаштирилган чора-тадбирларни қабул қилишга алоҳида эътибор қаратилди», — дейилади Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабарида.

Владимир Путин Қосим-Жўмарт Тўқаев билан суҳбатда «Россия-Қозоғистон иттифоқчилик ва стратегик шериклик муносабатлари руҳида» Вашингтон билан мулоқотнинг, жумладан, Уиткофф билан учрашувнинг асосий натижаларини айтиб ўтган. Қозоғистон президенти маълумот учун миннатдорчилик билдирди ва тинч йўл билан ечим топишга қаратилган қадамларни қўллаб-қувватлади, дея таъкидлайди Кремль. Суҳбат чоғида икки томонлама кун тартибининг алоҳида масалалари, жумладан, инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш ва бўлажак олий даражадаги мулоқотларга тайёргарлик кўриш масалалари кўриб чиқилган.

Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон ва Қозоғистон президентларининг матбуот хизматлари Уиткофф билан учрашув ҳақидаги воқеага ўз раҳбарлари муносабатини билдирмаган.

ℹ️ 6 август куни Кремлда Владимир Путин ва Стивен Уиткоффнинг уч соатлик учрашуви бўлиб ўтди. Россия президентининг ёрдамчиси Юрий Ушаковнинг сўзларига кўра, «Украина инқирозини ҳал қилиш контекстида келгусида биргаликда ишлаш бўйича фикр-мулоҳазалар муҳокама қилинган. Россия-Америка муносабатлари сўнгги йилларда қандай ривожланганидан фарқли ўлароқ, бутунлай бошқача, ўзаро манфаатли сценарий бўйича қурилиши мумкинлиги» яна бир бор таъкидланган. Томонлар яқин орада Владимир Путин ва АҚШ президенти Дональд Трамп учрашувини ўтказишга келишиб олган.

Ушаковнинг қўшимча қилишича, Трамп Уиткоффнинг Путин билан учрашуви ҳақидаги ҳисоботидан сўнг бир қатор европалик ҳамкорларга қўнғироқ қилиб, улар билан бу масалани муҳокама қилган. Россия томони ҳам Уиткофф билан учрашувда муҳокама қилинган масалалар юзасидан энг яқин ҳамкорларини хабардор қила бошлади.