Афғонистон Марказий Осиё давлатларидан импорт қилинаётган электр энергияси ҳажмига ойдинлик киритди

Қобул дарёсидаги Наглу ГЭСи. sputnik.tj сайти фотосурати

Афғонистон Туркманистон, Эрон, Ўзбекистон ва Тожикистондан 800 МВт электр энергияси сотиб олади, ўз ишлаб чиқариши эса 250 МВтни ташкил қилади. Бу ҳақда Da Afghanistan Breshna Sherkat (DABS) раҳбари Абдулбари Умар TOLOnews телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.

Умарнинг сўзларига кўра, электр энергияси импорти ҳар йили бюджетга 250 миллион доллардан 280 миллион долларгача тушади.

Умарга кўра, сўнгги 11 ой давомида маҳаллий ишлаб чиқариш бўйича умумий қуввати 1070 МВт бўлган лойиҳа ва шартномалар имзоланган ёки имзолашга тайёрланаётган бўлиб, инвестицияларнинг 70 фоизи чет элдан келади. Бу даврда соҳага киритилган сармояларнинг умумий ҳажми 69 миллиард афғони (1 миллиард доллардан ортиқ) ташкил этган, бу эса компания раҳбарининг сўзларига кўра, хорижий инвесторларни жалб этиш туфайли амалга оширилди.

Тўлиқ энергетика мустақиллигига эришиш учун Умар Афғонистонга 6000-7000 МВт ишлаб чиқариш қувватига эҳтиёж борлигини ва саноат ривожланиши билан бу эҳтиёж 10000 МВтгача ошиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

DABS раҳбари компания шамол, гидро, газ, кўмир ва «чиқинди» энергетикаси соҳасида Жаҳон банки ёки бошқа халқаро ташкилотлар ёрдамига мурожаат қилмасдан, балки маҳаллий ва хусусий маблағлар ҳисобидан молиялаштирилаётган лойиҳалар устида иш олиб бораётганини алоҳида таъкидлади.

Алоҳида Умар собиқ ҳарбий раҳбарлар ва сиёсатчилардан 450 миллион афғони (6,6 миллион доллар) миқдоридаги электр энергияси қарзи муаммоси ҳақида гапирди. Унинг таъкидлашича, барча истеъмолчилар – вазирлардан тортиб оддий фуқароларгача – ўз тўловларини тўлашга мажбур, айрим ҳолларда эса юқори лавозимли амалдорлар тўловни тўламагани учун электр таъминотидан узилган.

ℹ️ Август ойи бошида БААда жойлашган Azizi Group Афғонистонда муқобил энергия манбаларидан фойдаланадиган электр станциялари қурилишига 10 миллиард доллар сармоя киритишга тайёрлигини маълум қилган эди. Лойиҳаларнинг умумий қуввати 10 000 МВтни ташкил қилади.